Охирги янгиликлар

Олийгоҳ остонасидаги совчилар Маданият

Биринчи жуфтлик дарс тугаб, танаффусга қўнғироқ чалинди. Кейинги машғулотга боришда, йўлакда 45-50 ёшлардаги аёл бизни тўхтатди. Аёлга салом бериб, ёнига бордик. Тўғриси, у кишига қандай масалада ёрдам кераклигини тахмин ҳам қилгандик. Айтганимиздай бўлиб чиқди.
– Қизларим, сизлар билан ўқийдиган, фалон тумандан, бирор яхши қиз йўқми?
– Келин излаяпсиз-а?
– Хола, сизга қанақа келин керак, оқишдан келган бўлсинми ёки қорачадан? – бундай воқеаларга кўникиб қолган қизлар ҳазил қилди.
– Фалон жойдан бўлса, иложи бўлса, уч ё тўртинчи курс бўлсин, "бюджет"да ўқиса яна ҳам яхши. Ҳа, айтганча, ўғлимнинг бўйи узун, шунга мос бўлсин.
Талабаларнинг аксарият қисмини қизлар ташкил қилувчи бизнинг факультетда бундай ҳолат тез-тез такрорланиб туради. Кўпчилик кўникиб ҳам қолган. Кишини ҳайрон қолдирадиган томони ҳам шунда-да. Ахир халқимиз бу масалага умр савдоси, деб қарайди-ку. Келин танлаш учун қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қариндош-уруғлардан, аввало, оиласи, қизнинг тарбияси сўраб-суриштириларди. Олий таълим муассасаларидан келин излаётган онахонлар қизларнинг қайси фазилатига эътибор қаратади? Оила қуриш остонасида турган йигит-чи? Унинг учун бўлажак турмуш ўртоғининг тарбияси, ички дунёсидан кўра ташқи кўриниши ва … маълумоти муҳимроқмикан? Тўғри, онахонларнинг ўқимишли келин излагани яхши. Аммо… Назаримда, бундай одат қизлар шаънига ҳам, урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. 

Бўритош ҲУСАНОВА.