Охирги янгиликлар

Ҳаёсизда вафо йўқ, вафосизда – ҳаё Маданият

Яқинда Самарқанд шаҳридаги деҳқон бозорларидан бирига тушдим. Бозордаги тўкинлик, маҳсулотларнинг кўплиги ва хилма-хиллигидан баҳри дилим очилиб, кўзим қувнаб турганди ҳамки, бақир-чақир бўлиб қолди. 
Харидор талашиб жанжаллашаётган икки аёл бир-бирига шунақанги пардасиз сўзларни айтяптики, одам уялади. Уларни тартибга чақиришга уринаётганларнинг ҳаракатлари беҳуда кетди. Ибони, ҳаёни унутиб, бир-бирини ҳақоратлаётган аёлларни тўхтатиш қийин эди. Фақатгина ички ишлар ходимларининг аралашуви натижасида даҳанаки жанг муштлашувга айланмади...
Ҳаё асли арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида уятдир. Тилимизда ҳаёсиз ёки беҳаё дейилганда, уятсиз иш қилганда хижолат чекмайдиган, адабсиз кимса тушунилади. Айримлар "Ҳаё эркак кишига нисбатан аёл кишида кўпроқ бўлади, эркак кишилар бемалол айтадиган баъзи сўзларни аёллар турли андиша ва уялиш туфайли айта олмайдилар", деб таъриф берадилар. Бироқ гап фақат уятлироқ сўзни айтишда эмас, балки амалда ҳаёли бўлишда. 
Аёлларимиз ҳаёли бўлиши учун эркаклар улардан ҳаёли бўлишни талаб қилишлари керак. Бироқ ўзида ҳаё туйғуси бўлмаган одам ўзгадан ҳаёли бўлишни талаб қилолмайди ва бундай талаб туйғуси унда бўлмайди ҳам. 
Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, гоҳида жамоат жойларида сигарета чекаётган, тўй-ҳашамларда худди эркаклар каби қадаҳ уриштириб, спиртли ичимлик ичаётган аёлларни кўриш нақадар ачинарли. 
Ҳазрати Навоийнинг "Маҳбуб-ул қулуб" асарида ушбу сатрларни ўқиймиз: "Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ. Ҳар кимда бу иккиси йўқ – иймон йўқ ва ҳар кимда иймон йўқ – андин одамийлик келмак имкони йўқ". Яъни, вафосизлик ва ҳаёсизлик – бу имонсизлик демакдир. 
Анвар ҒУЛОМОВ.