Охирги янгиликлар

Нозик иборалар билимдони Маданият

Алломанинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий. Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган.
Аз-Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Боғдод ва Ҳижозда, икки марта Маккада бўлган. Олим бу шаҳарларда талабалик йилларида Бухорода олган билимларини мустаҳкамлайди. Илмий ишларини давом эттириб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилалар лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганади. Кўп асарларини Маккада беш йил яшаган даврида яратади. Шу боис Жоруллоҳ ("Аллоҳнинг қўшниси") деган шарафли номга муяссар бўлади.
Буюк мутафаккир аз-Замахшарий илмий меросининг қиммати шундаки, у араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанларга оид элликдан ортиқ асарлар яратиб, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшди. Унинг айниқса, араб тили грамматикасига оид "Ал-Муфассал" асари араб тили имло ёзувларини ўрганишда Шарқда ҳам, ўарбда ҳам йирик қўлланма сифатида шуҳрат қозонган. 

Аз-Замахшарийнинг Хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга бағишлаб ёзилган "Муқаддимат ул-адаб" асари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асар беш катта қисмга бўлинган бўлиб, отлар, феъллар, боғловчилар, от ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритилади. Бу асар арабчадан форс, чиғатой, мўғул ва турк тилларига таржима қилинган.
Олимнинг "Асос ал-балоға" ("Нотиқлик асослари") асари асосан луғатшуносликка бағишланган. Бу асарда араб тилининг фасоҳати, фикрни чиройли иборалар ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш, адабиётнинг асосий қисмлари, фразеологик бирикмалари, уларни амалда татбиқ этиш йўллари чуқур таҳлил қилинган. Аз-Замахшарийнинг "Ал-Кустос фи-л-аруз" ("Арузда ўлчов"), "Ал-Мустақсо фи-л-амсол" ("Ниҳоясига етган масалалар") ва бошқа ўнлаб асарларида ҳам адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид мавзулар кенг тадқиқ этилиб, қимматли илмий хулосалар баён этилади. Унинг асарлари Шарқ халқлари, немис, француз тилларига таржима қилинган. Аз-Замахшарий асарлари ҳозирда ҳам муҳим илмий манба сифатида ўрганилмоқда.
Т.МУРОД тайёрлади.