Охирги янгиликлар

Само сирларининг султони тарихнависликка ҳам қўл урган эди Маданият

1394 йил Султония шаҳрида туғилган Улуғбек Шохруҳ Мирзо ва Гавҳаршодбегим оиласида вояга етди. У болалигидан сарой анъаналарига кўра муносиб тарзда Соҳибқирон томонидан бириктирилган шайх Озарийнинг қўлида тарбия топди. Бунинг самарасида Мирзо Улуғбек йигирма ёшга кирмасдан ўз даврининг эътиборли олимларидан бири бўлиб етишди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек астрономия ва математикадан ташқари тарих, мусиқа, шеърият сирларини ҳам пухта ўзлаштирди. Сиёсий ислоҳотлар борасидаги илми туфайли халқ орасида донишманд ҳукмдор сифатида шуҳрат қозонди.
Улуғбек шоҳ сифатида Ислом дини ва шариатни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган бўлса, иккинчи томондан диннинг илм-фанга таъсирини камайтиришга, халқни жаҳолат ва илмсизликка қарши курашишга чорлади. 

Мирзо Улуғбекнинг номини тарихга муҳрлаган асар "Зижи жадиди Кўрагоний" асари ҳисобланади. Ушбу асари билан у нафақат Шарқ астрономияси, балки жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшди. Шу вақтгача астрономия соҳасида асосий қўлланма сифатида келаётган Насриддин Тусийнинг "Зижи жадидий Элхоний" асари "Зижи жадиди Кўрагоний" асари яратилиши натижасида астрономия соҳасидаги билимларнинг янада аниқ ва мукаммал бойишига сабаб бўлди.
Улуғбек ташаббуси билан Самарқанд шаҳри яқинидаги "Нақши жаҳон" тепалигида расадхона барпо этилди ва Самарқанд астрономия мактабига асос солинди. Расадхона барпо этилгунча Улуғбек астрономик тадқиқотларини "Муқаттаъ" масжидида олиб борди.
"Зижи жадиди Кўрагоний" икки қисмдан иборат бўлиб, уларда кенг муқаддима ва 1018 та юлдузнинг координатаси баён этилади. ХХ асрнинг 80-йилларига келиб, ушбу асар бўйича янги тадқиқотлар бошланиб кетди. "Зижи жадиди Кўрагоний"нинг тўлиқ ва мукаммал ҳолда илмий изоҳли таржимасини А.Аҳмедов 1994 йилда нашр эттирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Мирзо Улуғбекнинг тарих фанига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. Тарихчи Мирза Муҳаммад Ҳайдар ўзининг "Тарихи Рашидий" асарида "Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд сифатида "Тарихи арбаъ улус" номли асар ёзиб қолдирди", деб маълумот беради. Мазкур асар туркий тилда ёзилган бўлиб, у Чингизхон босиб олган давлатларнинг XIII-XIV аср биринчи ярмига доир тарихи бўйича муҳим манба саналади.
Буюк аждодимизнинг жасорати шунда эдики, у ўз даврида аниқ ва табиий фанлар ривожи учун шароит яратди. 
Ў.МАТТИЕВ,
Б.БЕКБОЕВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис
институти қошидаги 1-сон академик лицей ўқитувчилари.