Охирги янгиликлар

Дунё эътироф этган маърифатпарвар Маданият

Жорий йилда юртимизда самарқандлик маърифатпарвар олим, журналист ҳамда таржимон Саидризо Ализода таваллудининг 130 йиллиги кенг нишонланади. 
Жойларда ушбу санага тайёргарлик кўриш асносида Саидризо Ализода илмий-ижодий ва маънавий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Жумладан, маърифатпарвар уй-музейини янги экспонатлар билан бойитиш ишлари давом эттирилмоқда. Ҳозир уй-музейда Ализода томонидан турли йилларда чоп этилган дарсликлар, луғатлар, қўлёзмалар, алифболар, таржима ва хориждан келган мактублар, ноёб фотосуратлар сақланмоқда. Устоз яшаган уй пештоқига янги лавҳа ўрнатилди.
Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида Саидризо Ализоданинг 1992 йилда қўйилган ҳайкали янгиланди, атрофи ободонлаштирилди. 
– Бобомиз ҳақида рисола чоп эттириш режалаштирилган, – дейди С.Ализоданинг набираси, тадқиқотчи Фарҳод Ализода. – Бу ишни Самарқанд давлат университети ўз зиммасига олган. Яқин кунларда китоб ўқувчилар қўлига тегади.
Шунингдек, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида "Саидризо Ализода илмий-ижодий ва маънавий-маърифий меросининг жаҳон илм-фани тараққиётида тутган ўрни" мавзуида республика илмий-назарий конференцияси ўтказилиши белгиланган.
Диёримизнинг кўпгина жойларида ҳам маърифий тадбирлар уюштириш режалаштирилган.
Адҳам ҲАЙИТОВ.