Охирги янгиликлар

Санъат усталарини ёд этиб Маданият

Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Ҳожи Иброҳим Дилов, Раҳмат Ҳасанов, Тўлқин Собиров, Фурқат Мирзаев, Ўктам Яҳёев, Бахтиёр Жобиров, Рустам Жўраев, Ваҳоб ўуломов, Қосимали Муродов, Шаҳробону Раззоқова, Муяссар Азимбекова, Лайло Баҳриева… Улар ўзбек мусиқа санъатини дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшишди. Халқимиз қалбидан чуқур жой олди. 
Самарқанд концерт залида вилоят "Баркамол авлод" болалар маркази қошидаги "Зарафшон" ёш доирачилар ансамблининг "Ҳеч ким ҳеч қачон унутилмайди", деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди. Концерт Самарқандда яшаб ўтган ва ижод қилган санъат усталари хотирасига бағишланган видеоролик намойиши билан бошланди. Марҳум санъаткорлар номи бирма-бир тилга олиниб, улар хотирасига ҳурмат билдирилди. 
– Самарқанд заминидан машҳур санъаткорлар, созанда ва бастакорлар етишиб чиққан, – дейди вилоят доирачилар жамияти раиси, "Зарафшон" ёш доирачилар дастасининг бадиий раҳбари Жамол Ибрагимов. – Бугун уларнинг айримлари орамизда йўқ. Улар хотирасини ёд этиш, қолдирган бой меросларини келгуси авлодларга етказиш мақсадида ушбу хотира концерти ташкил этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Бастакорлар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси доирачилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган концерт дастурида таниқли санъаткорлар Мардон Мавлонов, Жаводбек Козимов, Эркин Қайтаров, Ваҳобиддин Баҳриев ва самарқандлик ёш хонандалар ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Муроджон ЖЎРАБЕКОВ.