Охирги янгиликлар

Музейлар мозийдан сўзлайди Маданият

Дунёдаги биринчи музейга тахминан эрамиздан олдинги 290 йилда Александрия (ҳозирги Мисрдаги Искандария) шаҳрида машҳур юнон файласуфи Птоломей томонидан асос солинган.
Рим императори Адрианнинг Мисрдан олиб келинган ноёб экспонатлар билан безатилган вилласи кейинчалик замонавий музейларга асос бўлди.
XVIII асрда оммавий музейлар Европанинг кўпгина мамлакатлари ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. 1750 йилда Парижда Люксембург саройи картиналари икки кун давомида оммага намойиш этилди. Кейинчалик ушбу картиналар коллекцияси қирол Франциск I шахсий тўплами таркибида Лувр музейига топширилди.
Биринчи замонавий музей 1753 йилда Лондонда очилган Британия музейидир. Унга кириш учун аввал ёзма равишда рўйхатдан ўтиш керак бўлган. Бунинг таъсирида Француз инқилоби даврида 1793 йилда Лувр музейи очилди. У ўз даврининг биринчи катта оммавий музейи бўлиб қолди. 

Мамлакатимизда ҳам ўз йўналишига кўра турли хил музейлар бор. Улар ичида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибига кирувчи музейлар ўзининг бетакрор экспонатлари билан ажралиб туради. Самарқанд музейи Ўзбекистонда дастлаб ташкил этилган (1896 йил 21 июль) музейлардан ҳисобланиб, ўз йўналиши ва фондидаги ашёларнинг таркибига кўра Марказий Осиёда ягонадир. Унинг илмий фондида Ўзбекистон тарихи, маданияти, табиатига оид музей ашёлари мавжуд бўлиб, мазкур соҳа бўйича республикада етакчи музейлардан ҳисобланади.
Дастлабки вақтда кичиккина черков биносида ташкил этилган ва "Самарқанд вилоят статистика комитети музейи" деб аталган бинода 1911 йилда кутубхона ва музей учун бино ташкил этилди. У "Вилоят музейи" деб номланди. 
120 йиллик музей тарихи давомида музейнинг илмий фонди бойитиб борилган ва шу мақсадда музей илмий ходимлари томонидан республика ҳудудлари, жумладан, 1874-1904 йилларда Афросиёб шаҳарчасининг турли ҳудудларида, 1908-1911, 1941 йилларда Улуғбек обсерваторияси ўрнида илмий экспедиция ташкил этилган.

Музей илмий фондидаги нумизматика ва рангтасвир асарлари коллекцияси ҳамдўстлик  мамлакатларида мавжуд бўлган шундай коллекциялар ўртасида юқори ўринларда туради. Бундан ташқари, музейда археология коллекцияси, Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид фото ва ҳужжатлар, кийим-кечаклар, турли халқлар маданиятига тааллуқли гиламлар ва бошқа ноёб ашёлар сақланади. 
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибида бугунги кунда саккизта музей фаолият кўрсатиб, уларда юртимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ва маданияти, аждодларимизнинг бой илмий меросига оид 235 мингдан ортиқ ашёлар, тарихий маълумотлар сақланмоқда. Cамарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий, бадиий музей-қўриқхонаси ушбу муассасалар ҳамда вилоятдаги олтита тарихий обида ва иккита зиёратгоҳни бирлаштирган ҳолда фаолият кўрсатаётир. 

Музейлар йўналишига мос тарихий экспонатларни тўплаш, уларни ўрганиш ва сақланишини таъминлаш, илмий текшириш ишларини олиб бориш, экспозициялар тайёрлаш ва кўргазмалар ташкил этиш, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик музейлар фаолиятининг асосини ташкил этади.
Кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи учун янги бино ажратилиб, замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Вилоят ўлкашунослик музейи, "Афросиёб" музейи, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Каттақўрғон, Иштихон ва Пахтачи туманларидаги тарих музейларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий жиҳозланди. Афросиёб деворий суратларининг 3D шаклидаги видеофильми тайёрланди. 

Музей-қўриқхона ходимлари вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларининг ўз муассасалари тарихига оид материаллар жамланган музейларни ташкил этишига ҳам услубий ёрдам кўрсатиб келмоқда. 
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат
музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив