Охирги янгиликлар

Ўғил бола тарбияси ота зиммасида Маданият

Оилада ўғил бола тарбиясида отанинг роли беқиёс. Айниқса, Шарқ халқларида бунга катта эътибор қаратилган. Чунки ўғил эртага оила бошлиғи, юртга қалқон бўлади. Она эса меҳр бериб, эркалайди, кўнглига қарайди. Ота қаттиққўллиги баробарида кези келганда ёнига олиб, от минишни, кетмон чопишни, бозор қилишни ўргатади, дўст сифатида суҳбатлашади. Натижада илм-ҳунарли бўлиб, меҳнатга кўникма ҳосил бўлади.

Ёшлигидан яхши билан ёмонни фарқлаш, оқ билан қорани ажратиши, савоб билан гуноҳни билиши кўп жиҳатдан отанинг панд-насиҳатларига боғлиқ. Таассуфки, бугун телевизордан кўраётганимиз – баъзи ота-оналар фарзандлари адашиб, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишида ўзларини айбдор санамаяпти. Аксинча, оммага қараб "Менинг бундай болам йўқ!", деб ўзларини жавобгарликдан тортмоқчи бўляпти. Бу нотўғри. Ота ёки она шундай "ҳукм" чиқарса, хорижда ҳар хил тўдаларга қўшилиб қолган ўғли уларни отам, онам, фалончининг зурриёдиман, дейди. Калтабин, эртани ўйламайдиган оталар вақтида фарзандига тўғри йўл кўрсатганида, ўқитиб, ишга жойлаштирганида, кунига ёнига чақириб, кўнглини сўраганида бундай аҳвол рўй бермасди.

Яқинда бир даврада баъзи амалдор оталарнинг ишдан вақти бўлмай, фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги хусусида гап бўлди. 
– Қўшнимизнинг икки ўғли ҳам "қулоқсиз", отанинг гапига кирмайди, онасини ҳурмат қилмайди, – деди зиёли киши мулоҳаза билдириб. – Бири институтда, бири лицейда ўқийди. Эрталаб отаси билан тортишади: "Нексия"ни менга беринг, ўқишга миниб бораман, дейди каттаси. Кичиги эса ўқишга таксида бораман, кўпроқ пул беринг, деб хархаша қилади. Она бечоранинг ота-болалар можаросидан юраги эзилади. На эрига, на ўғилларига гапи ўтади. Амалдор ота хизмат машинасида ишга отланади, машинани талаба-ўғил минади... Тарбия издан чиқиб бўлди. Ўқишга машинада борган талаба дарсларда қатнашадими, албатта, йўқ! Ёнига жўраларини миндириб, шаҳарни сайр қилади.

Бу гапни эшитиб, ўйланиб қолдим. Ҳақиқатан, бундай оилалар кўп. Ҳаётни бойлик, пул топиш билан ўлчайдиганлар ўғил-қизлар тарбияси, маънавий дунёсини хаёлига ҳам келтирмайдилар. Болани хоҳиш-истагини бажариб, қўлига ортиқча пул, қимматбаҳо кийимлар олиб беради, ҳашаматли уй-жой қуради, данғиллама тўйлар қилади. Лекин бир зумгина ёнига чақириб, "Нима муаммонг бор, ўқиш ва ишларинг яхшими?" деб кўнглига йўл тополмайди. Бунга ҳафсаласи йўқ!
Баъзиларнинг қариганида хор-зорликда меҳрга муҳтож бўлиши сабаби ҳам шундан. Ҳадислардаги "Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда нафл садақа беришдан яхшироқдир", каби ибратли сўзларни ҳаётимизга сингдиришимиз лозим. 
Отабек БОҚОНИЙ.