Охирги янгиликлар

Самарқандда яна "Шарқ тароналари" янграйди Маданият

Самарқанд шаҳрида бу йил ўн биринчи бор "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Вилоят ҳокимлигида мазкур нуфузли фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев олиб борди.
Бу йилги фестивалда дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 500 нафардан зиёд мусиқашунослар, хонанда ва созандалар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

– Самарқанд шаҳри ҳамда туманлар кўчаларини ободонлаштириш, анжуман қатнашчиларини кутиб олиш дарвозалари – аэропорт ҳамда темир йўл вокзали, улар жойлашадиган меҳмонхоналарда халқаро андазаларга мос, сифатли сервис хизматларини кўрсатиш даражаси халқимизнинг меҳмондўстлиги, давлатимизнинг салоҳиятини намоён этиши керак, – деди Т.Жўраев. – Тайёргарлик жараёнларида майда ишнинг ўзи бўлмайди. Кези келганда, меҳмонлар билан ўзаро яқин мулоқотда бўлиш, уларни шаҳар обидалари ва бугунги ҳаёти билан таништириш мақсадида чет тилларда бемалол сўзлаша оладиган ўқитувчи ва талабалардан иборат таржимон ҳамда гидлар танланиши лозим. Иштирокчиларга транспорт, ошхона ва бошқа хизматларни кўрсатувчиларнинг сиёсий, ижтимоий билимлари суҳбатдан ўтказилиши, махсус кийимлар билан таъминланиши шарт.

Шунингдек, тадбирда «Шарқ тароналари» XI Халқаро мусиқа фестивали дирекцияси ижрочи директори Тошкентбой Холиқов анжуманни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ўз таклифларини билдирди.
Йиғилишда меҳмонларни тарихий обидалар, саноат корхоналари, мустақиллик йилларида қурилган бошқа объектлар билан таништириш, қатнашчилар иштирокида Самарқанд, Тойлоқ, Жомбой, Оқдарё, Паст Дарғом ва Ургут туманларидаги маҳалла, ўқув муассасалари ва истироҳат боғларида концерт тадбирларини савияли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Регистон ва тадбир ўтадиган бошқа майдонларда халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, Самарқанд ноз-неъматларидан композициялар, фестивалга доир илмий-ижодий конференция, журналистлар учун матбуот анжуманлари ташкил этиш бўйича масъулларга вазифалар топширилди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.