Охирги янгиликлар

Маҳорат машқда шаклланади Маданият

Темурийлар ҳукмронлиги даврида ҳарбий санъат ҳамда жисмоний машқларнинг кўпгина турлари ривожланди. Соҳибқирон таржимаи ҳолида баён қилинган Қарши қалъаси учун жанг эпизодларидан бирида шундай дейилади: "Душман тарафдан ботирлиги ва бақувватлиги билан танилган паҳлавон яқинлашиб келди. Ҳамла қилмоқчи бўлди… Аммо ўазо баҳодир иккала қўлини чўқмори билан қўшиб маҳкам ушлаб, орқасига қайирди ва бамисоли иккала қанотидан ушланган қушдай, қалъага судраб келтирди". Бундан маълумки, ўша вақтдаёқ жангчилар бугунги "самбо" кураши усулларидан хабардор бўлишган.
Тарихий маълумотларда келтирилишича, Темур ва унинг лашкарбошилари жангчиларнинг жисмоний чиниққан, бақувват ва эпчил бўлишига эътибор қаратган. Чунки барча ҳарбий юришларнинг тақдирини жангчиларнинг ана шундай маҳорати ва жасорати ҳал қилган.
Соҳибқирон саройида бўлган испан сайёҳи Руи Гонзалес де Клавихо ўзи гувоҳ бўлган икки полвоннинг беллашувини қуйидагича тасвирлайди: "Эгнига енгсиз, калта камзулга ўхшатиб тикилган чарм либос кийиб олган икки полвон тик туриб олишишар ва бир-бирини йиқита олмасди. Ниҳоят, улардан бири устун чиқиб, рақибини ерга ағдарди ва анча вақтгача унинг туриб олишига йўл қўймай, босиб ётди. Айтишларича, агар у ўрнидан туриб кетса, йиқилган ҳисобланмас экан".

Мазкур кичик эпизод курашнинг яна бир тури – ҳозирги эркин кураш услубига ўхшаш, бухороча кураш тўғрисида қимматли маълумот беради.
Тарихда урушларни кўпинча икки жангчининг ўзаро олишуви ҳал этгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам бор. Масалан, Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарида Темурнинг Хоразм хони Ҳусайн Сўфийга икки ўртадаги низони уруш билан эмас, балки яккама-якка олишув орқали ҳал этишни таклиф қилгани баён этилади.
Соҳибқироннинг Қандаҳор амири Баҳодирхон билан фил кўтариш бўйича мусобақалашгани ёки бел олишгани-ю уни ерга кўтариб ургани ҳақида ҳам тарихий далиллар бор. 

Шунингдек, Темур армиясида ўқ-ёй отиш, чавандозлик мусобақалари тез-тез ўтказиб турилган. Бу мусобақалар аскарларнинг ҳарбий, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ўстиришда муҳим роль ўйнаган. Соҳибқирон лашкарлари орасида доимо мардликни, ор-номусни ҳар нарсадан устун билишни, оғир дамларда бир-бирига кўмаклашишни ташвиқ қилган. Уларга ҳарбий мақсадга эришишнинг бирдан-бир йўли жисмоний машқлар билан тинимсиз шуғулланиш эканлигини тушунтирган.

Йўлдош МАШАРИПОВ,
СамДУ жисмоний маданият
факультети доценти.