Охирги янгиликлар

Қўшиқларда Ватан мадҳи Маданият

Юртимизда униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, ғурур ва ифтихор ҳиссини кучайтиришга ундайдиган бадиий етук қўшиқлар яратиш ва бу асарларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

– Шаҳар ва туманларда ўтказилган биринчи босқичда профессионал, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ансамбллар ва якка ижрочилар, мактаблар, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари жамоаларидан 281 ижрочи қатнашди, – дейди вилоят маданият бошқармаси халқ ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш сектори мудири Суҳроб Эрбоев. – Шулардан 68 нафари ғолиб бўлиб, танловнинг вилоят босқичида иштирок этди. Ижро этилган қўшиқлар мусиқасининг оригиналлиги, матннинг таъсирчан бадиий образларга бойлиги, мазмундорлиги, Ватанга муҳаббат ва истиқлолга садоқат ғоялари билан йўғрилганлиги баҳолашнинг асосий мезони бўлди. 

Кўрик-танлов натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридан иштирок этган эркин ижодкор Зоир Асқаров биринчи ўринни қўлга киритди. 
2 та иккинчи ўрин Каттақўрғон туманидаги 1-сон маданият ва аҳоли дам олиш маркази хормейстери Ғолиб Ўсаров ва Самарқанд шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зарина Тўрақуловага берилди.
Иштихонлик ижрочи Дилмурод Абдуллаев, нурободлик Мансур Бойқобиловлар учинчи ўринга муносиб топилди.  
Пайариқ, Самарқанд, Паст Дарғом, Иштихон туманлари ва Каттақўрғон шаҳридан иштирок этган ижрочиларга танлов ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Ғолиблар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Зилола ОМОНОВА.