Охирги янгиликлар

Савоб ишдан четда қолмаймиз Маданият

Улуғ ҳадисшунос олим Имом Бухорий ўз мероси билан ислом динини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшибгина қолмай, дунёвий илмлар хазинасини ҳам бебаҳо асарлари билан бойитган.
Юртимиз мустақилликка эришгач, Имом Бухорий табаррук хоки туроблари мангу қўним топган гўшани ободонлаштиришга, уни ислом дунёсида Маккадан кейин иккинчи муқаддас зиёратгоҳга айлантиришга катта эътибор берилди.

Айни пайтда Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан янги лойиҳа асосида ёдгорлик мажмуини қайта қуриш ва бу ерда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази бунёд этиш ишлари қизғин бошланди. Мазкур марказ ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг мазмун-моҳиятини етказишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Маҳалламиз ушбу ёдгорлик яқинида жойлашган, маҳалла фуқаролари 1998 йилда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи барпо этилишида халқ ҳашарида фаол иштирок этишганди. Кейинчалик 1999-2004 йилларда мен ва бир қанча тенгдошларим ушбу масканда ислом дини ва дунёвий билимлари бўйича таҳсил олдик ва ҳозирда аҳоли ўртасида динимиз, давлатимизнинг инсонпарварлик, тинчлик ғояларини тарғиб қиляпмиз. Бугун қурилиши қизғин бошланган Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказида ёдгорлик атрофида жойлашган жуда кўп қишлоқ ва маҳаллалардан аҳоли, айниқса, ёшлар ҳашарда қатнашиб, савоб ишга қўл урмоқдалар.

Замонавий қурилиш-архитектура элементлари шарқона усуллар билан уйғунлашиб кетган ёдгорлик мажмуи ўзгача манзара касб этади, равон йўлаклар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бинолари, кутубхона, тадқиқотлар ўқув маркази, бошқа диний-маърифий тадбирлар ўтказиладиган объектлар кўзни қувонтиради. Ушбу муқаддас маскан нафақат халқимизнинг, балки бутун дунё ислом давлатлари халқларининг табаррук зиёратгоҳига айланди.
Ана шундай тарихий бунёдкорлик ишига ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун улуғ савобдир.
Нурилла ЙЎЛДОШЕВ,
Жомбой тумани.