Охирги янгиликлар

Санъат элларни бирлаштиради Маданият

Инсоният тафаккурининг буюк кашфиётларидан бири бўлган мусиқа санъати қадимий тарихга эга. Минг йилдан ортиқроқ вақт давомида Буюк Ипак йўли орқали ҳунармандчилик буюмлари, турли-туман савдо маҳсулотлари билан бирга мусиқа маданияти ҳам Шарқу ўарбга тарқалган.
Хитойлик олим Сун Сяннинг ёзишича, суғдийларнинг қўшиқлари, рақслари ва мусиқа асбоблари доимий равишда Хитой императорларининг саройлари, шаҳар ва қишлоқлари кўчалари бўйлаб таралиб турган. Император ва юқори мансабдорларнинг саройларида Транс-Оксиана (Ўрта Осиё) ва Шарқий Туркистондан келган мусиқачиларга юқори даражада ҳурмат кўрсатилган. Япониялик олим Кисибе Тан империяси саройида фаолият кўрсатган 31 нафар Ўрта Осиё ва Шарқий туркистонлик мусиқачининг номини аниқлаган. 

Х аср охирида Чоч (Тошкент)дан Хитойга борган қўшиқчи қизнинг беқиёс овозидан илҳомланган хитойлик шоир Бо Цзюй-и "Чочлик қўшиқчи қиз" деган шеър ҳам битганлиги тарихдан маълум. Тан империяси даврида 727 йилда Кешдан, 729 йилда Маймурғдан, 713 ва 727 йилларда Самарқанддан Хитойга ёш йигит ва қиз раққосалар борган. Раққосаларнинг чиқишлари махсус саҳналаштирилган ва рақслар асосан икки турга бўлинган. Биринчи тур рақслар шоирона нозик, гавда ва қўл бармоқларига алоҳида эътибор бериладиган ҳаракатлар орқали нафис ижро этилса, иккинчи тур рақслар шўх-шодон, шиддатли ва акробатик усулларда бажарилган. Уларнинг рақслари тўғрисида хитойлик шоирлар Бо Цзюй-и ва Юанг Чженлар "Шамолдек чарх ураётган ғарблик қизлар" деган шеър битган. Хитой маликалари Ян ва Рокшан бу қизлардан суғдий рақсларнинг бир неча ижро усулларини ўрганган. 

Хитой йилномаларида келтирилган бундай маълумотларнинг тўғрилигини бу ўлкада олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Шимолий Хитойдаги археологик қазишмалар даврида бадавлат суғдий аслзоданинг қабри топилган бўлиб, бу қабрдан чиққан мармар тоштахтанинг юқори қисмида суғдий аслзода ва унинг хотини хизматкорлари қуршовида базм уюштираётганлиги саҳнаси, пастки планда эса Хитойга бориб ўзларининг санъатларини намойиш этаётган суғдлар мусиқа ансамбли тасвирланган. Ансамблда ўнтача машшоқ иштирок этган. Улардан бир нечтаси уд, иккитаси най, иккитаси бир қўли билан ушлаб, иккинчи қўли билан уриб чалинадиган ноғорасимон асбоб ушлаб олган. Битта созанда эса арфа чаляпти. Созандаларнинг ўртасида раққос. Раққоснинг ҳаракатидан, аниқроғи, қўлларининг тепага қаратиб тик ҳолатда ушлаб туришидан унинг силтаниб рақсга тушаётганлигини англаш мумкин. 

Суғдиёна, Бақтрия-Тохаристон, Чоч, Уструшона, Хоразм ва Фарғонада ҳам антик ва илк ўрта асрларда мусиқа маданияти юқори даражада бўлганлигини бу воҳаларда олиб борилган  археологик тадқиқотлар намоён этмоқда.
Амир Темур ва темурийлар даврини муболағасиз нафақат ўзбек халқининг, балки бутун яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг мусиқа санъатлари учун жадал ривожланиш, камолот чўққисига эришиш, чинакам уйғониш даври бўлган дейиш мумкин. Зеро, бу халқлар ягона давлатни ташкил этиб, ўзаро самарали маданий алоқалар юритибгина қолмай, айни вақтда Осиё ва Европанинг энг йирик мамлакатлари билан ҳам маънавий боғланиш имкониятларига эга бўлганлар. Айниқса, Абдулқодир Мароғийнинг Шом давлатидан олиб келиб, сарой мусиқачиларининг раҳбари этиб тайинланганлиги ҳам унинг мусиқа санъатига ихлосманд бўлганлигидан далолат беради. Тарихчи Дарвиш Алининг маълумотига қараганда, Хожа Абдулқодир Мароғий исфахонлик бўлиб, ўша давр Шарқининг буюк мусиқашунос олим, бастакор ва назариётчиси эди. У Самарқандга келгач, сарой мусиқасига раҳбарлик қилди. Самарқандда ўз мактабини яратди, кўплаб шогирдлар тайёрлади ва мусиқий тараққиётга катта ҳисса қўшди. Унинг қаламига мансуб "Зубдатул адвор", "Мақосидул илҳон" номли китоблар ёзилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. 

Темурийлар даврида хонанда ва созандалар, санъат аҳли Ўрта Осиё, хусусан, Самарқандда тўпландилар. Улар расмий дипломатик, ҳарбий ва бошқа тантаналарнинг доимий қатнашчиларига айланди. Халқ томошалари, оммавий байрамлар уларсиз ўтмас эди. Манбаларда келтирилишича, бу даврда ўзбек халқи мусиқа санъати қаторида ҳарбий-расмий мусиқа турлари мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда озарбайжон, форсийзабон халқларнинг мусиқавий фольклори ривож топди. 

 Бу даврда маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳалари учун кенг имконият яратди. Созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми камол топди. Асрлар қаърида шаклланган анъанавий, "устоз-шогирд" таълим тизими кенг қулоч ёзди. Бу уйғониш нафақат пойтахт Самарқандда, балки Бухоро, Хива, Китоб, Балх, Қобул, Ҳирот, Астробод, Агра, Султония каби йирик шаҳарларда ҳам қизғин кечди. Шаҳарларда "хонандалар мавзеси", "созандалар маҳалласи", "бастакорлар кўчаси" жорий этилди. Бу касб соҳибларининг алоҳида обрў ва нуфузга сазовор бўлганлари атрофида махсус ижод, ижро ва илмий мавқега эга ижодий мактаблар шаклланди. 

Ўрта Осиё географик жиҳатдан Осиё қитъасининг маркази ва қулай жойда бўлганлиги сабабли бу халқларнинг бошқа Шарқ мамлакатлари, ҳатто ўарб мамлакатлари билан алоқаси ҳам жуда қадимийдир. Ўрта Осиё халқлари мусиқа санъатининг, қўшиқчилик ва чолғу созларининг бошқа шарқ мамлакатлари халқлари мусиқа санъатига жуда ўхшаш ва яқин бўлганлиги бу халқлар ўртасидаги маданий алоқалар илдизи жуда чуқур ва қадимий эканлигидан далолат бермоқда. Буни айниқса Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Араб мамлакатлари ва Хитойда ҳамда Ҳинди-Хитой ярим оролида яшовчи халқлар мусиқа маданиятини ўрганиш орқали билиб олмоқдамиз. Биз санаб ўтган мамлакатлардан ташқари Сибирь, Мўғулистон, Корея, Япония, Филиппин, Индонезия халқлари мусиқа маданияти ҳам Ўрта Осиё халқлари мусиқа санъати каби якка овозлик ва ансамбль шаклида эканлиги фикримиз далилидир. Бу мамлакатлар чолғу созлари тузилиши ва ижро этиш услублари Ўрта Осиё чолғу созларидан деярли фарқ қилмайди.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" мусиқа фестивалини ўтказиш халқаро ҳамкорлик масалаларида зарурий воқеликка айланди. Ушбу йил ўн биринчи маротаба ўтказилаётган "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали кунлари концертлар, илмий-ижодий учрашувлар, анжуманлар ва танловлар турли давлатлардан келган мусиқашунос олимлар учун бой ва самарали мулоқотга айланиши кутилмоқда. "Шарқ тароналари" мусиқа фестивали дунё халқларининг санъатларини, турли миллат вакилларини мусиқий оҳанглар воситасида бирлаштиради. 

Бахтиёр БОЛТАЕВ,
СамДУ ўқитувчиси. 


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив