Охирги янгиликлар

Регистонда тайёргарлик қизғин Маданият

"Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят штабида Туризмни ривожлантириш қўмитаси вилоят бошқармаси ва ТАТУ Самарқанд филиалидан малакали мутахассислар жалб этилган. 
Асосий байрам тадбирларининг оммавий саҳналарида иштирок этишлари учун Тошкент шаҳридан ҳамда вилоят олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидан саралаб олинган қизлар Регистон майдонида, вилоят олимпия захиралари тайёрлаш марказида репетиция машғулотларида қатнашмоқда.  

– Регистон майдонида профессионал раққосалар, Тошкент хореография институти талабалари ҳамда Тошкент давлат миллий рақс хореография мактаби ўқувчиларидан иборат 100 нафарга яқин қизлар билан репетиция ўтказяпмиз, – дейди хореограф Наргиза Акилова. – Қизларимиз фестивалнинг очилиши ва ёпилиш маросимларида иштирок этишади. Уларнинг барчаси  рақс йўналишида таҳсил олишаётгани сабабли машғулотлар жараёни осон кечяпти.   

Саҳнадаги машғулотлардан сўнг қизларнинг дам олишлари учун барча шароитлар яратилган. Вилоятдан иштирок этаётган қизлар ётоқхона билан таъминланган бўлса, пойтахтдан келган талабалар меҳмонхоналарга жойлаштирилган. 
– Нуфузли фестивалга тайёргарлик ишларининг бориши бўйича 18 та гуруҳ тузилган бўлиб, гуруҳларнинг барчаси ўз йўналишида қатъий тартибда иш олиб бормоқда, – дейди "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивалини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби аъзоси Аминжон Худойбердиев. – Репетицияда иштирок этаётган талаба қизларга қулайлик яратиш мақсадида автобуслар ажратилган. Регистон майдонида асосий саҳнани ўрнатиш ишлари якунланди. Томошабинлар учун мўлжалланган стулларнинг эскизлари тайёрланди. Самарқанд давлат университети ректоратида илмий конференция штаби ташкил этилиб, тажрибали мутахассислар ҳамда зарур оргтехника билан таъминланди.

Регистон майдони атрофида ободонлаштириш, Шердор мадрасасида кичик таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 
Регистон майдонидаги репетиция жараёнлари куннинг эрталабки ва кечки соатларида ўтказилмоқда. Соат 11:00 дан 16:00 гача майдон зиёратчилар ва шаҳримиз меҳмонлари учун очиқ. 
Зилола ОМОНОВА.


Reklama huquqi asosida