Охирги янгиликлар

Ижодкори эъзозланган юрт Маданият

Бугун Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг эл манфаати, халқимизнинг фаровон турмуши учун амалга ошираётган изчил ислоҳотларига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, халқ маънавиятини, миллий адабиётимиз,  санъатимизни юксалтириш йўлидаги саъй- ҳаракатлар ижод аҳли, зиёлиларни қувонтирмоқда.
Яқинда Самарқанд шаҳридаги Шоирлар боғида халқ бахшилари Ислом Шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоир Жомурод ўғлининг реставрация қилинган ҳайкаллари қайтадан очилгани ҳам вилоятимиз ижодкорларини мамнун этди.
Мазкур мажмуанинг Регистон майдони яқинида жойлашгани унга янада улуғворлик бахшида этди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраевнинг бу ерни ижодкорларнинг сўлим ва доимо гавжум масканига айлантириш борасидаги таклифи миллатимиз фидойилари, адибларимиз қолдирган меросни қадрлашга, эъзозлашга даъват этди.

Тадбирда Самарқанд бахшичилик мактаби анъаналарини давом эттириш, таниқли тўрт оқиннинг уй-музейларини таъмирлаш, уларга хорижлик сайёҳларнинг ташрифларини уюштириш масалалари ҳам кўтарилдики, бу умри давомида Ватанини, она юртига муҳаббатни куйлаган бахшиларимиз меросини ёш авлод қалбига сингдириш, миллий маданиятимиз дурдоналарини дунё аҳлига намойиш этишга хизмат қилади.
Келаси йил Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудига 150 йил тўлади. Шу баҳона Самарқанд бахшичилик мактабида тарбияланган оқинлар ижодига бағишланган илмий конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бу ташаббуслар яқинда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувда таъкидлаганидек, буюк тарих, улуғ аждодлар, беқиёс бойликларга эга мамлакатимизда ҳавас қилгулик буюк келажак, буюк адабиёт ва санъат ҳам албатта бўлишидан далолат беради.
Ахтам ЎРОЛОВ,
Самарқанд давлат
архитектура-қурилиш институти
профессори.