Охирги янгиликлар

Гилам Маданият

Хумор опа навбатдаги гиламини тўқиб тугатди. Уни меҳр билан силади. Ўз ишидан мамнун бўлиб, ташқарига олиб чиқди. Гиламга ёпишган майда ип, жунларни олиб ташлаш учун сим дорга ёйди ва авайлаб тозалади. Шу пайт дарвоза очилиб, ўғли Бобур кўринди. 
– Эна, меҳмон олиб келяпман, – деди у ҳовлиқиб.
– Келаверсин, болам. Меҳмон атойи худо дейдилар.
Меҳмонлар икки киши экан. ўалати кийимлар кийишган, бошида шапка. Елкаларида сафархалта. "Шаҳарликка ўхшайди", хаёлига келди опанинг. Опа чой дамлади. Ўғли меҳмонларни сўрига – дастурхонга таклиф қилди. 
– Эна, сайёҳлар экан, Германиядан, – деди ўғли.
– Шунча узоқдан келишибди-я, – ҳайрати ошди опанинг.
– Улар тарихий жойларни ўрганишар экан, – тушунтирди ўғил. – Харитасида бизнинг қишлоқ, мақбаралар бор экан. 
Бобур уларга немис тилида нималарнидир тушунтирди. 
"Эр-хотинга ўхшашади", ўйлади опа. Шу пайт меҳмон аёлнинг кўзи симга осилган гиламга тушди. Эрига шоша-пиша бир нарсани тушунтира бошлади. Эри гиламга диққат билан қаради. Кейин Бобурга немис тилида нимадир деди. Бобур "хўп" дегандай маъқуллади. Онасига бир қараб қўйди. 
– Эна, уларга гиламингиз ёқиб қолибди. Худди шундай гиламни қандайдир китобда кўришган экан. Сотиб олишмоқчи. 
– Йўқ, – деди Хумор опа. – Сотолмайман.
Аёл эрига тез-тез гапира бошлади. 
Эри чўнтагини кавлаб, қандайдир қоғоз чиқарди. "Ўзларининг пули шекилли", дея фикрлади опа. Пулни кўриб, ўғлининг кўзлари катталашиб кетди. 
– Эна, улар икки юз евро берамиз, дейишяпти. 
–  Болам, хафа бўлишмасин, гилам сотилмайди.
Сайёҳ аёл сим дорга яқинлашиб, қўллари билан гиламни қайта-қайта силаб кўрди. Айланиб томоша қилди. Суратга олди. Эр-хотин яна маслаҳатлашишди. Эркак Бобурга энди тўртта бармоғини кўрсатди. Бобур онасига қаради. Опа "йўқ" деб яна бош чайқади. Хумор опа ўғлининг ранжиганини сезиб, унинг ёнига ўтирди. 
– Хафа бўлма, болам. Бу гилам пулга сотиладиган эмас. 
– Анча пул бермоқчи эди-да. Нақ тўрт юз евро, – дея хўрсинди. – Нега сотмадингиз, эна?  
– Болажоним, бунинг боисини кейин биласан.
Хумор опа сўлиш олиб, сўрига ўтирди. Ёши ҳам элликка яқинлашиб қолди. Ўғлини уйлантирса бўлармиди? Шу ўй хаёлига келиши билан қишлоқ қизларини кўз олдига келтирди. 
Шу кўчанинг бошроғидаги Шарофатнинг қизи бор. Мактабни битирди, шекилли. Шарофатнинг ўзи рўзғорга пишиқ, уй-жойни бадастир қилиб юради. Бир-икки марта борганида ҳовлисини кўриб, мамнун бўлган эди.  Бурунгилар "Арқоғини кўриб бўзини ол, онасини кўриб қизини ол", деб бекорга айтишмаган. Бугунги ишни эртага қолдиришни хуш кўрмайдиган опа Шарофатникига отланди. 
– Келинг, Хумор опа, – дея жилмайиб қарши олди мезбон. Опани сўрига таклиф қилди. Қизи салом бериб, чой олиб келди-да, яна ўз юмушига уринди. "Мол-ҳолга қараши яхши, иши тоза экан", ўйлади опа. Узумдан чўқилаб, чой ичиб гурунг қилишди. 
Бир-икки марта Шарофатга қараб олди. Айтсамми, йўқми, деб бир муддат иккиланиб қолди. "Таваккалчининг ёри Худо", деди ўзича. 
– Шу... ўзимга шогирд қидириб юрибман, айланай, – синовчан тикилди Шарофатга.
– Топдингизми? – жилмайди Шарофат. 
– Топгандайман.
Иккаласининг кўзи бир лаҳза тўқнашди. Шарофат кўзини олиб қочди. Она-да, опа эшикдан киргандаёқ бир нимани сезгандай бўлувди. 
– Розимисан? – секингина шивирлаб сўради Хумор опа. 
– Опам-эй, яхши кунлар келаверсин-чи…
– Яхши кунлар келади. Ишқилиб, дарвозанг…
– Дарвозамни ҳали ҳеч ким очгани йўқ. 
"Демак, рози. Совчи юбориш керак".
Орадан бир ой ўтиб, Хумор опанинг уйида бадабанг-қарс тўй бўлди. Яхши ният билан қадам босган келиннинг оёғи остига опа ўша сайёҳларга тўрт юз еврога бермаган гиламни тўшади. 
Онасининг ўшанда гиламни нега сотмаганини Бобур энди тушунганди. 
Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ.