Охирги янгиликлар

Тафаккур тарбияси зарурати учун муҳим ҳужжат жорий қилинди Маданият

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 7 августда "Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Бу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг яқинда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувда халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган ғоялари, белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Яъни, қарор асосида "Ўзбеккино" миллий агентлиги тизимида катта ўзгариш ва туб бурилишлар ясалди. Жамиятимизнинг жадаллик билан ривожланаётганлиги, фуқароларнинг тафаккури ва талаби кескин ўсаётганлигини ҳисобга олган ҳолда киноиндустрияга янги, замонавий технологияларни жорий этишга кенг имкониятлар яратилди. "Ўзбекфильм", илмий оммабоп ва мультфильмлар ишлаб чиқарувчи киностудияларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Буюк мутафаккирлар, давлат арбоблари, тарихий шахсларимизга бағишланган энг сара, жаҳон саҳналарига чиқадиган даражадаги фильмлар яратишга моддий ва маънавий асос ишлаб чиқилди.

Энди шу пайтгача номигагина ишлаб келган Ўзбе-  кистон кино арбоблари ижодий уюшмаси ва "Республика кино фонди" фаолияти тўлиқ тикланади. Шаҳар ва туманлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, лицей ва коллежлар залларида кино намойишларини ташкил этиш масаласи бўйича қонуний асос яратилгани ишлаб чиқилаётган фильмларнинг кинопрокат тизимини яратишга йўл очди.
Айниқса, жойларда замонавий форматларда фильмлар намойиш қилинадиган кинозалларга эга маданий кўнгилочар комплексларни қуришга қарор қилингани халқимизнинг, кино ихлосмандларининг айни кўнглидаги иш бўлди.

Булардан ташқари, "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошида атоқли кино ижодкорлар дарс берадиган малака ошириш курслари ва "Маҳорат мактаблари"ни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар соҳа мутаҳассисларини қайта тайёрлашга замин яратади.
Қувонарлиси, ишлаб чиқарилаётган фильмларни халқаро кинофестивалларга олиб чиқиш мақсадида уларни чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш масаласи ҳам моддий ҳал этилмоқда. Ишлаб чиқариладиган фильмларнинг бадиий савияси ва мазмун-моҳиятини ҳар тарафлама замонамиз ва томошабинлар талаби асосида энг сара фильмлар яратилишини йўлга қўядиган бадиий кенгаш тузилиши ҳам ўз вақтида қилинган қарор ҳисобланади.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги вилоят ҳудудий бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун уларга "Дамас" русумли автомашина ажратилиши чекка қишлоқларда кўчма кино қурилмалари орқали кенг кўламда кино намойишларини ташкил этиш учун шароит яратади.
Хулоса қилиб айтганда, кино санъатининг инсон онги, тафаккури ва жамият ҳаётига таъсири беқиёслиги нуқтаи назаридан имзоланган мазкур муҳим ҳужжат аҳолининг, айниқса, ўқувчи ва талаба-ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда, халқимизнинг азалий анъаналари, мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга. 

Фармон РОЗИҚОВ,
"Ўзбеккино" миллий агентлиги
вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи.