Охирги янгиликлар

Навбатда туриш – маънавиятлилик белгиси Маданият

"Зарафшон" газетасининг 2017 йил 25 июль кунги сонида чоп этилган "Навбатда туриш маданияти", деб номланган мақолада жамият учун муҳим масала кўтариб чиқилган. Чунки ҳар бир фуқаро деярли ҳар куни турли ижтимоий муносабатларга киришар экан, ушбу муаммога –  навбат масаласига дуч келади.
Биз озиқ-овқат дўконлари, деҳқон ва буюм бозорлари расталари, дорихона ҳамда ошхоналар хизматидан фойдаланар эканмиз, албатта, навбатда туришимиз зарур бўлади.
Вилоятимиздаги қатор корхона ва ташкилотларда фуқароларга хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган. Хусусан "Ҳамкорбанк" АТБ Самарқанд вилоят бошқармасида фуқаро хизматлар бюросига кириши билан бу ерда турган электрон машинага мурожаат қилиб, қайси масалада келганлигини қайд этиб, мавжуд тегишли тугмачани босади ва у ўзининг навбат рақами кўрсатилган чиптани олгач, мижозларга мўлжалланган курсида ўтириб туради. Унинг навбати келгач, тегишли хизмат нуқтасидаги таблода унинг рақами ёнади ва радиоузатгич орқали овоз билан эълон қилинади.

Маъмурият томонидан белгиланган бундай тартиб ҳар қандай тиқилинч навбатга чек қўяди.
Лекин бошқа жойларда кўпгина ҳолатда фуқаролар навбатда турмай ўз ишини битириб олишга ҳаракат қилаётганларининг гувоҳи бўламиз. Бу жараёнларда асосан, ёшлар фаол эканлиги кўнглимизни оғритади. Уларга навбатда туриш зарурлиги ҳақида эслатсангиз, балога қоласиз. Баъзи тарбияси заиф бўлганлардан "Қабристонга навбат билан қўядилар", деган гапларни ҳам эшитганмиз. Бошқалари эса танбеҳни эшитмасликка олиб, ўз ишини тезроқ битириб кетаверади.

Ачинарлиси шундаки, навбатда уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар, ҳомиладор ва ёш болали оналар, беморлар ҳам турганлигига қарамасдан ўзларини хизмат кўрсатиш нуқтасига ураверадилар. 
Жамиятимиздаги бу каби номаъқулчиликнинг шаклланишида ҳаммамиз айбдормиз. Биринчи навбатда, оилада эндигина жамиятимизга тўлақонли ва тенг ҳуқуқли инсон бўлиб қўшилаётган фарзанду набираларимизга дўкон ёки дорихонада навбатда туриш ҳам инсоннинг юксак маънавиятлилиги белгиси эканлигини тинимсиз айтиб, кексалар, ногиронлар, ҳомиладор ва ёш болали аёлларга навбат бериш, улар жамоат транспортига чиқаётган ва тушаётган пайтлари йўл бўшатиб, юкларини кўтаришга кўмаклашиш олий инсоний фазилат ҳамда савоб эканлигини уқтириб туришимиз шарт.

Иккинчидан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда уюштирилаётган "Маънавият соати"да ушбу мавзудаги суҳбатлар ҳам ўтказилиши лозим.
Учинчидан, ҳар бир шохобчада "Бизда фуқароларга қатъий навбат асосида хизмат кўрсатилади", матнидаги битикларни осиб қўйиш керак. Ҳозирча мен бундай эслатмани биронта хизмат кўрсатиш нуқтасида кўрганим йўқ.
Илгари авиа ва темир йўл кассалари, дўкону дорихоналарда илиб қўйилган ва сўнгги пайтда йўқолиб қолган "Уруш қатнашчилари, I ва II гуруҳ ногиронлари, меҳнат фахрийлари, ҳомиладор ва ёш болали оналарга навбатсиз хизмат кўрсатилади", деган эслатмани ҳам қайтадан тикласак, яхши бўлар эди.

Навбатда туриш – инсон ички дунёсининг ташқи аломати, яъни шахснинг маънавияти даражасини белгиловчи муҳим мезон. Бу белги эса ўз навбатида ён-атрофимиздаги одамлар кайфиятига, қолаверса, саломатлигига таъсир этади.
Йўлдош СУЮНОВ,
маънавият тарғиботчиси.