Охирги янгиликлар

Тошбақаюриш автобуслар, маданиятсиз паттачилар Маданият

Автобус тирбанд. Ҳаво иссиқ. Бекатда жилмасдан анча туриб қолган автобус ичида ўтирган йўловчилар жонсарак.
- Шофёр ука, нега юрмаяпсиз, шошилаётган эдим, - деди йўловчилардан бири тоқати тоқ бўлиб.
Оғзига носвой отиб, қулоғига наушник тақиб олган ҳайдовчи "шеригим келсин", деди пинагини бузмай. Шериги пастда икки-учта дўстлари билан бемалол гурунглашар, даъватларга қулоқ солмасди. Унга инсоф кирдими, 5-6 дақиқадан сўнг автобусга чиқди. Автобус жилди.
- Давлатимиз ҳамма жойга автобус қўйиб яхши қилди, қаерга бораман десанг тайёр, - деди йўловчилардан кимдир. - Аммо бунақанги боқибеғамларни кўриб, дилинг хуноб бўлади-да.
- Буниси ҳолва, - деди унинг суҳбатдоши гапни илиб, кўпгина автобусларда ҳайдовчилар беўхшов, кийиниш маданияти бўлмаган, ҳатто бақироқ ёш болаларни ўзига шерик (пул терувчи) қилиб олганига нима дейсиз? Шаҳримиз шаънига доғ тушираётган, йўловчиларни ҳурмат қилмайдиган бу хилдаги маданиятсиз кишилар кўпайгандан кўпаймоқда.
Автобус ярим йўлга зўрға етиб борганида бекатдан важоҳат билан чиққан бир қиз ҳаммани ҳушёр торттирди.
- Нега олдинда кетаётган автобус бекатда тўхтамай ўтиб кетди. Сенларда инсоф борми ўзи? Ёки виждонларингни ютганмисанлар, - дея ҳайдовчига бақира кетди.
- Нега мени ҳақоратлайсиз, бу бошқа у бошқа автобус-ку. Фарқимиз бор-ку.
- Ҳаммаларинг бир гўрсанлар. Йўловчиларни сенлар ҳақорат қиляпсанлар. Сенларга қачон инсоф киради?
- Қизим рост гапни айтяпти, - деди отахонлардан бири. - Бекатга яқинлашганда "чиптачи"ларинг "Фалон жойга тушадиганлар борми?" деб бақиришади. Ваҳоланки, ҳар битта автобус белгиланган бекатда тўхташи шарт-ку. Нега бу қоидага амал қилмайсизлар?
- Пул кетидан қувалашмачоқ ўйнашади булар, - деди орқа томонда ўтирган йўловчи. - Одам олиб кетаяптими ёки ўтинми, уларнинг иши йўқ.
- Бақироқ паттачилар ўрнига машинада радиокарнайдан фойдаланиш, у билан қайси бекатга келганини, қачон тўхтаб, қачон йўлга тушишини эълон қилиш мумкин-ку. Қачон маданиятга эришамиз? Автокорхоналар раҳбарлари ҳам автобусга минадими? - деди яна кимдир.
Яна кимдир нималар ҳақида зорланиб гапирди. Бунисини эшитмадим. Чунки манзилимга бир амаллаб етиб келгандим. Эшитганларим ҳозирча шу бўлди.
А.ИСКАНДАРОВ.