Охирги янгиликлар

Тилдан шукрона тушмаса Маданият

Тинчлик – улуғ неъмат. Юрт осойишталиги бебаҳо бир инъомки, биз кечалари гўзал орзулар ила уйқуга кетиб, тонгда Аллоҳга ҳамдлар айтиб, янги режалар, эзгу мақсадлар билан уйғониш  бахтига муяссар бўлган одамлармиз. 
Юртимиз тинч, рўзғорларимиз обод, кўнгил тўқ. Фарзандларимиз эмин-эркин яшамоқда, ўсиб-унмоқда. Кексалар эъзозда, хотин-қизлар ҳурмат-эътиборда. 
Барчамиз ер юзининг баъзи жойларидаги офат ва балолар ҳақида хабардор бўлиб турибмиз. Ҳар кун уруш, талончилик, қўпорувчилик бўлган жойда одамлар уйлар қуриб, тўйлар қила оладими, кўнгилга хурсандчилик сиғадими? Шундай юртлар борки, у ерларда бехавотир тонг оттиришнинг имкони йўқ. Ҳар дақиқа ҳадикда, саросимада яшайдилар. Тинчлик истаб, бошқа давлатларга бораётганлар қанча. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман", деб ваъда қилган. Юртимизда осудалик, тинчлик-омонлик ҳукм сураётгани буюк неъмат, бунинг қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран боқиб, хулоса қилмоғимиз зарур. 

Ўша нотинч жойларда ҳам бир вақтлар осойишталик бўлган. Инсонларнинг бир-бирига бефарқлиги, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилмаслик оқибатида аҳилликка дарз кетиб, юрт бузғунчиларнинг қўлига тушиб қолаётгани, бегуноҳ болалар нобуд бўлаётгани сир эмас. 
Биз, имом-хатиблар маҳаллаларда бўлганимизда, юртдошларимизга айниқса, ёшларни асраб-авайлашни, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва жамиятимизга хавф солаётган "оммавий маданият" қусуридан йироқ қилиш лозимлигини уқтирамиз. 
Албатта, бир-икки суҳбатда ёшларга одоб бериб, яхши-ёмонни ажратишни ўргатиб бўлмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар, таълим даргоҳларида ўқитувчи-мураббийлар доим сергак бўлишлари зарур. Бугунги ёшларга катталарнинг тилидан тушмайдиган "шукр" сўзининг моҳиятини тушунтирмоқ керак.
Вохиб ЭСОНОВ,
Ургут туманидаги "Туника" жоме масжиди имом-хатиби.