Охирги янгиликлар

Светофорсиз кўчадан ажнабий ёзувли биноларгач Маданият

Кимёгарлар шаҳарчасидамиз. 93-йўналишда ҳаракатланувчи автобусда Университет хиёбонига йўл олдик. Бошқаларни билмадим-у, мен автобусда атрофни кузатиб бораман. Чунки бунга имкон бўлади. Айрим кўчалардаги бунёдкорлик, ободончилик ишларидан кўнглингизга фахр туйғуси инса, баъзи кўчалардаги нохуш манзарани кўриб, таъбингиз хира бўлади. Айрим дўконлару маиший хизмат шохобчаларининг ажнабий номланиши, замонавий бекатларнинг эълонлар тахтасига айланаётгани, баъзи кўчалардаги ўйдим-чуқурлар... Келинг, бошидан бошлайлик. 
Автобусга бош бекат – Завод кўчасидан чиқдик. Уловимиз Нарпай кўчасидан 29-даҳага кириш жойи (БАМ бозорчаси йўли)га етганда одатдаги муаммога дуч келдик. Чунки бу ерда ҳаракатни тартибга солувчи  светофор йўқ. Ҳайдовчилар қулай фурсат пойлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб бўлса-да, йўлида давом этишга интилади. Биз минган автобус тартибсиз ҳаракатланаётган машиналарга йўл бериб, тўхтади. Шу пайт бир "Дамас" бозорча йўлидан катта кўчага отилиб чиқди. Асосий йўлдан келаётган "Кобальт" билан тўқнашув юз беришига бир баҳя қолди. Иккала машина эгалари катта кўчанинг ўртасида даҳанаки жанг бошлади. Шу воқеа сабаб кенгайиб бораётган тирбандликда шошилаётган машиналар сигнали қулоқни қоматга келтирарди. Бу ҳолатга автобусдаги йўловчилардан бирининг ҳафсаласи пир бўлиб деди: 
– Бу ерда ҳеч тартиб ўрнатилмади-да. 

– Нимасини айтасиз, ҳар куни шу аҳвол,– гап қўшди ёнидаги ҳамроҳи. -Шу ерга светофор ўрнатилса, олам гулистон-ку! Ҳатто пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Ишдан қайтаётганлар  катта кўчадан юрак ҳовучлаб ўтади. 
Уловимиз икки томони бир неча йиллардан бери обод бўлишини кутиб ётган абгор пиёдалар йўлагию ариқлар, вазифасини унутиб қўйган кўча чироқларига эга "БАМ бозорчаси йўли", "Мактаб йўли", "Тўққиз этажка йўли"даги (аҳоли шундай атайди, бирор жойда бу кўчаларнинг номи ёзилмаган) шахмат доскасидаги катаклар каби жойлашган чуқурчалардан икки томонга тебраниб, ҳаракатлана бошлади. Энди йўловчиларнинг ҳушёрлиги синовдан ўтказилади. Бу ерда қалоқлар кўплигидан моҳир ҳайдовчи ҳам уларни "алдай" олмайди. 
Йўловчилар бироз хотиржам тортган ҳам эдики, навбатдаги синов манзилига етиб келдик. Бу сафар одамларнинг сабри машиналар тирбандлигида синалади. Ҳар куни эрталаб одамлар ва машиналар билан гавжум бўладиган "Дамариқ деҳқон бозори"дамиз. Одатий ҳолга айланган машиналар тирбандлиги "Суғдиёна" истироҳат боғи рўпарасидан бошланади. Тор кўчанинг икки томони машиналар билан тўлган. Бу ҳам етмагандай, уларнинг эгалари бозордан харид қилган маҳсулотларини хотиржам юкхонага жойлаяпти. 

Узоғи билан бир-икки дақиқада босиб ўтилиши мумкин бўлган йўлга 15 дақиқа вақт кетди. 
Буюк ипак йўли кўчасига етганимизда ёнимиздан трамвай ўтиб кетди. Шунда отахонлардан бири ҳамроҳига: 
– Отасига раҳмат Президентимизнинг. Бу кўчани обод қилди. Олдин қай аҳволда эди, ҳозир қандай. Шукур, кўп ўзгаришлар бўляпти. 
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳа улкан ўзгаришларга юз тутяпти. Шу кўча мисолида олсак, бу ердаги трамвай қатновининг йўлга қўйилиши-ю, кўркам бино ва иншоотларнинг қад ростлаши, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари янгича қиёфа касб этиши киши кўнглига фахр бағишлайди. Эски бекатлар ўрнига замонавийларининг  қурилиши шунга монанд. Афсуски, айрим кишилар томонидан Буюк ипак йўли кўчасидаги "Буюк ипак йўли", "Марҳабо" "Суғдиёна" ва шу каби бир неча замонавий бекатларнинг  замонавий деворлари эълонлар тахтасига айлантирилгани бу чиройга соя соляпти. 

Йўлда давом этарканмиз, бинолар пештоқига осилган "Подарки", "Lavash centre hallway", "Burger Center", "Tutus", "Moracco" каби ёзувлар эътиборимни тортди. Нега ўзбекча эмас, айнан бошқа тилда номлашганига қизиқиб, автобусдан тушдим. Бошқа тилда номланган биноларга кирдим. Нима учун бундай номлагансиз, ўзбекча номласангиз маъқулроқ эмасмиди каби саволларимга улар "Буни бошлиқ билади", "Бу ном ҳам ёмонмас, жарангдор-ку" деб жавоб беришди. Ва ниҳоят "Lady's" гўзаллик салонининг исмини сир тутган иш бошқарувчиси узуқ-юлуқ жавоб берди: 
– Lady's – хонимлар, дегани. Бундай ном одамлар эътиборини тортади, қолаверса, замонавийликнинг белгиси. 
– "Lady's" сўзи қайси тилдан олинган?  Шуни  "Хонимлар" деб номласангиз бўлмайдими? – деб сўрадим. 
– Қайси тилдан олинганини билмайман. Нима учун шундай номланганини "салон" эгаси билади...

Амир Темур, Абдураҳмон Жомий кўчаси ва Университет хиёбонидаги бинолар пештоқида ҳам ана шундай ёзувлар, номларни кўриб бир неча йилдан буён айтилса-да, бундай эътиборсизлик, тилга беписандликдан кўнглимиз ранжиди. Ахир жой номлари аввало, давлат тилида ёзилиши лозимлиги қонунда ҳам белгилаб қўйилган-ку. Ўз она тилимизни ҳурмат қилишни, уни қадрлашни қачон ўрганамиз?
Самарқанд – туризм шаҳри. Бу эса келган меҳмонлар орқали тилимиз, маданиятимиз, урф-одатларимизни дунёга танитиш имконини беради. Шундай экан, хоҳ кўчага бўлсин, хоҳ бошқа жойга бўлсин ўзбекча ном берсак, бу ҳам миллий қадрият ва анъаналаримиз тарғиботи бўлади-ку.
Ҳар қандай муаммо билан курашилсагина унга ечим топилади. Бефарқ қаралса, муаммолигича қолади. Шундай экан, юқорида қайд этилган ҳолатларга йўл-йўлакай бўлса-да, эътибор қаратсак, муаммоларга ечим изласак, шаҳримиз бундан-да обод бўлади.
Олим СОННИБОЕВ.