Охирги янгиликлар

Шамси бобонинг руҳи бизнинг бугунги ишимиздан шод бўлаётирми? Маданият

Синфдошим, 42 йил ёшларга ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган Бўстон Шукурованинг бетоблигини эшитиб, Пахтачидаги Хумор қишлоғига бордим.
Бироз суҳбатдан сўнг муаллима қишлоқдаги аҳволдан гап очиб қолди ва "Мен келин бўлиб тушганда бу ер шаҳарча эди", деб кўзига ёш олди.
– Файзу барака кўтарилди. Одамлар ўз кўчасига ҳам қарамай қўйди...
Очиғи, кекса журналист сифатида ноқулай аҳволда қолдим. Беморнинг ҳузуридан чиқиб, Хуморни айландим. Бу масканни илгари ҳам билганим учун ҳафсалам пир бўлди. Негаки, йўллари элакка ўхшаб қолган.

Бир пайтлар хўжалик раиси, Меҳнат қаҳрамони Шамси Назаров ҳашар йўли билан қурган футбол майдони тап-тақир, ювиниш-кийиниш, душхоналар аллақачон сомсапаз ва новвойларга бўлиб берилган. Бадиий гимнастика хонасига қараб бўлмайди. Республика раҳбари Ш.Рашидов зиёрат қилган мактаб, истироҳат боғи хароба аҳволда. Ҳаммом ишламайди. Спорт мажмуаси талон-торож қилинган.
Шамси бобога ўрнатилган бюст атрофи бу яқин ўртада сув кўрмаган, қақраб ётибди. Айрим ноинсофлар фаввора атрофига мол боғлаб қўйган.
Бир пайтлар бу ерда консерва заводи ва лимонад цехи ишларди. Бу корхоналар ҳам йўқ.
Энди бир савол туғилади. Замонлар ўзгарар, ҳокимлар алмашар, аммо бу ерда бир пайтлар шаҳар қурган шу ернинг одамлари-ку!
Нега улар ўзлари туғилиб ўсган, бугун ҳам яшаётган масканлари тақдирига бу қадар бефарқ? 
Йўқ, мен давлат идоралари, туман ҳокимлигини айблашдан йироқман. Шамси бобо раҳбарлик чоғида жуда кўп кадрлар тайёрлади. Уларнинг бир қисми шу қишлоқда яшайди. Нега улар жим юришибди. Ахир Президентимиз Ш.Мирзиёев яратаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўз қадрдон қишлоғини обод қилишмайдими?

Ҳар бир соҳада хусусийлаштириш мумкин бўлган бир пайтда ҳеч бўлмаганда Хуморни мамлакатга танитган Ш.Назаров руҳи учун ўз масканларида тадбиркорликни ривожлантиришмайдими?
Мен бу гапни бежиз айтмадим. Шамси бобо иш фаолияти давомида ҳеч қачон шахсий манфаатни ўйламаган. Ҳатто хусусий уйга ҳам эга бўлмаган. Давлат раҳбари Самарқандга келса, Хуморни бир кўриб кетган. Хўш, ўтган даврда бу қишлоқ одамлари шу қадар ўзгариб кетишдими? Маҳалла оқсоқоли, фаоллари, Шамси бобони таниган фахрийларнинг одамлар ўртасида обрўси қолмадимикан?
Мени ана шу инсонларнинг муносабати қизиқтиряпти. Ахир биз қачонгача ўзимиз асролмаган нарсаларни, авайламаган, муҳими, ўзимизга керак бўлган биноларни ҳокимиятдан таъмирлаб беришни талаб қиламиз?
Ҳурматли таҳририят!
Ушбу мактубимни "Зарафшон" орқали Хумор қишлоғи аҳлига етказишингизни сўрайман.
Тоҳир НОРҚУЛОВ.