Охирги янгиликлар

Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари Маданият

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг катта фожиалардан бири ҳисобланади. Бу урушда у ёки бу тарзда дунёнинг 70 дан ортиқ давлати иштирок этган эди. Уруш бизнинг мамлакатимиз ҳудудигача етиб келмаган бўлса-да, ўша вақтда собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон халқи ҳам фашизм балосига қарши курашаётганлар сафида турди.

Ўзбек халқи мард ўғлонларининг жанггоҳларда кўрсатган қаҳрамонликлари, халқимизнинг фронт орқасида қилган фидокорона меҳнатлари ҳақида илмий асарлар яратилган. Уларнинг ёзилишида кўплаб даврий матбуот материаллари, архив ҳужжатларидан фойдаланилган. Уруш тугаганига 72 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ўзбек халқи фарзандларининг урушдаги иштироки ҳақида янги маълумотлар топилмоқда.
Бу материалларнинг катта қисми Ўзбекистон ҳамда Россиянинг архив ва кутубхоналарида сақланмоқда. Улар орасида ўзбек тилида, бевосита фронтда чоп этилган газеталарнинг аҳамияти ғоят катта.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Р.Шамсуддинов ўзининг уч китобдан иборат "Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари" асарида Россия Федерацияси давлат кутубхонасида сақланаётган "Ватан учун", "Совет жангчиси", "Суворовчи", "Фронт ҳақиқати", "Қизил аскар ҳақиқати", "Бонг", "Ватан шарафи учун", "Душманга қарши олға", "Қизил армия" каби фронт газеталари материалларини чоп этди. Бу газеталар саҳифаларида очерк, хабар, мақола ва мухбирлар таассуротлари чоп этилиб, жангчилар фронтдаги энг муҳим воқеалардан тезкор хабардор қилиб турилар эди. Газеталар материаллари жангчиларни душманга қарши нафрат, Ватанга муҳаббат, ғалабага ишонч руҳида тарбиялашга йўналтириб, армиянинг жанговар қобилиятини оширишга хизмат қилди. Ушбу нашрларда фронт орқасида ўзбек халқининг фидокорона меҳнат қилаётганлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Бундай материаллар фронт билан фронт орқасининг бирлигини таъминловчи восита бўлди. 

Таъкидлаш лозимки, ўнлаб фронт газеталаридаги очерк, мақола ва хабарларни қамраб олиш, уларни китоб ҳолатига келтириш қийин вазифа. Шу сабабли китобга бу маълумотларнинг сараланган қисми киритилган. Танланган материаллар орасида газеталарда чоп этилган ота-оналар ва аскарларнинг хатлари, қўмондонлик томонидан берилган мақтов ёрлиқлари, фотосуратлар бор. Китобда тўпланган материаллар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихининг янги қирраларини очиб, уни янада кенгроқ ёритишга хизмат қилади.

М.НАСРУЛЛАЕВ,
Р.ХОЛИҚУЛОВ,
СамДУ доцентлари.