Охирги янгиликлар

Юраги тоза одамлар Маданият

Газета, китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим. Айниқса, газеталарда шаҳар ва туманларда содир бўлаётган ўзгаришлар, кундан-кунга кўрк очиб бораётган қишлоқлар манзараларини кўриб, ҳавас қиламан. Ҳар ким учун ўзи туғилиб ўсган қишлоғи бошқача туюлади, албатта. Шунгами, мен ҳам ўзим истиқомат қилаётган Хазармали қишлоғини жуда яхши кўраман. Қишлоғимиз вилоятнинг жуда чекка ҳудудида жойлашган. Туман марказига келиш учун икки соат вақт сарфлашимизга тўғри келади. Лекин шундай бўлса-да, одамлар ўша ҳудудга меҳр қўйган, бир-биридан доим бохабар, қўли очиқ. Меҳрибон, дилкаш, самимий одамлар яшайди бизнинг қишлоқда. Чиройли, замонавий иморатлар, турлича янги автомобиль эгалари йўқдир. Аммо бизда ҳар бир хонадон эгалари ўз уйи атрофини гулзор қилиб қўйиш одати шаклланган. Оилалар бир-бирига қараб, янги гуллардан экиб, барчанинг кўзини қувнатади. Айниқса, устозларимиз Тўқбой Гулматов, Нуриддин домлаларнинг уйидаги анвойи гуллар ҳамманинг ҳавасини келтиради. 
Қишлоғимизда китобсеварлар жуда кўп. Мактабдаги кутубхона доим гавжум. Ҳатто қишлоқнинг ёши катта кишилари ҳам келиб, бу ердаги китобларни ўқийди. Тўлқин Маматов хонадонининг ўзи ҳам бир кутубхона. Улар оилавий китоб мутолаасига қизиқади. Ёши улуғ Суюн бобо билан турли бадиий адабиёт, ундаги қаҳрамонлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида бемалол суҳбат қуриш мумкин. 
Ҳа, қишлоғимиз одамларининг кўнгли тоза. Бу одамлар ҳақида ҳар қанча ёзса ҳам арзийди, деб ўйлайман. Шуларни қоғозга туширяпману кўнглимда бу фикрларим газетага чиқармикан, деган ҳадик бор. Эҳтимол, бизнинг Хазармали ҳам бир кун бошқа қишлоқлардай замонавий бўлар, биздан ҳам тадбиркорлар чиқар.

Мукаррам
РЎЗИМУРОДОВА,
Нуробод тумани.
"Она тилим ўлмайди"
Самарқанд шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир она тилининг аҳамиятига бағишланди. 
Унда сўз олганлар тилимизнинг бугуни ва эртаси ҳақида гапирди. 
– Тил – миллат руҳи, – дейди Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси Умида Мўминова. – Айнан она тилида сўзлаганда ўзлигимиз, яъни миллий қиёфамиз – руҳиятимизни баён этган бўламиз. Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ёшларни она тилимизнинг эртасини таъминловчи авлод сифатида тарбиялаш, уларда бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш. 
Тадбир сўнгида ўқувчилар томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар ижро этилди. 
 Нигора МАМАДИЁРОВА.