Охирги янгиликлар

Германия элчиси Булунғурга келди Маданият

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтэр Оверфэльд  бошчилигидаги делегация Булунғур туманига ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб, туман ирригация тизими тасарруфидаги "Бот-бот" каналида Германия Тараққиёт банки лойиҳаси асосида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Туман ҳокими Б.Баҳромов меҳмонларга Булунғурнинг табиати, табиий иқлими, географик жойлашуви, транспорт коммуникация имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
2010 йилда Германиядаги нуфузли банк томонидан берилган имтиёзли сармоя асосида "Бот-бот" каналининг 3,8 километри, яъни "Ғўбдин" агрофирмаси ҳудуди ва каналнинг "Булунғур" агрофирмасига кириш қисм бетонлаштирилди.
Сўнг меҳмонлар тумандаги қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежига ташриф буюрди. Муассасада Германия тараққиёт банкининг имтиёзли кредити ҳисобидан "Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга яқиндан кўмаклашиш" лойиҳаси бўйича сув, газ таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш йўналишида ўқув устахоналарида олиб борилаётган ўқув-амалий машғулотларга гувоҳ бўлдилар.
Коллеж ўқувчилари томонидан Германия адиблари асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари немис тилида намойиш этилиши меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Холбой ҚОСИМОВ,
Раббим ҲОТАМОВ.