Охирги янгиликлар

Нуриддин Исаев: "Ҳақиқат излаб" Маданият

Нуриддин Исаев ёш бўлишига қарамай, республикадаги таниқли рассомлар қаторидан жой олиб улгурди. Мусаввир асарларида рангтасвирга хос ранг-баранглик, борлиқ билан уйғунлик ва бадиий образлар яхлитлиги кўзга ташланади. Картиналар нурга, ёруғликка  тўла ва таъсирчан, уларда гўё ранглар рақсга тушаётгандек тасаввур уйғотади. 
Самарқанд шаҳридаги "Эл мероси" тарихий либослар театрида ташкил этилган "Ҳақиқат излаб" кўргазмаси Нуриддин Исаевнинг биринчи шахсий кўргазмаси. Кўргазмада рассомнинг турли йилларда яратилган, мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-бирини такрорламас "Хотира", "Сўфий", "Хаёлпараст", "Парвоз", "Дугоналар", "Куз" сингари 13 та йирик асари намойиш этилди.
– Ҳар бир ота-она фарзандининг камолини кўришни истайди, – дейди таниқли рассом Аслиддин Исаев. – Нуриддин болалигидан рангтасвирга меҳр қўйди. Соҳа бўйича таҳсил олиб, бакалавр, магистр дипломини қўлга киритди. Изланишдан, ўрганишдан тўхтамади ва ўз йўналишини топди, ўзига хос услубда ижод қила бошлади. Ҳам ота, ҳам устоз сифатида унинг ютуқларидан қувонаман. 
Профессор Юсуф Абдуллаев, рассомлар Нуриддин Калонов, Аҳмад Умаров ва самарқандлик бошқа ижодкорлар, санъат ихлосмандлари кўргазмада намойиш этилган картиналар тўғрисида илиқ фикрлар билдиришди. 
Нуриддин Исаев Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, республика ва халқаро кўргазмаларнинг доимий иштирокчиси. Унинг асарлари Франция, АҚШ, Покистон, Сингапур, Миср, Япония, Швейцария, Россия давлатларида шахсий коллекция ва галереялардан жой олган. 
Зилола ОМОНОВА.