Охирги янгиликлар

Тўёна қарз эмас Маданият

Раҳматжон ишга отланиб, машинасини юргизаётганди, ташқаридан уни чақирган овоз эшитилди. "Ким экан?". Чиқса, қўшни қишлоқда яшовчи ота қадрдони Абди бува.
– Э, ассалому алайкум, бува!
– Ваалайкум ассалом!
Раҳматжон илдам бориб, бува билан кўришди.
– Қани, қани, ичкарига марҳамат, қадрдон дўстимнинг фарзандларини бир йўқлаб қўяй дебсиз-да?
– Овора бўлма, ўғлим. Бошқа сафар бемалолроқ гурунглашамиз. Ҳозир шошиб турибман. Тўй бошлаб қўйгандик, насиб бўлса, ўтасизлар-да, – Абди бува ясама йўталиб, томоқ қириб олди. 
– Биласан, отанг раҳматлик билан қалин дўст эдик. Умри қисқа экан, ёш ўлиб кетди. Жойи жаннатда бўлсин. Ҳм, эсингда борми, йўқми, йигирма йил аввал набираларининг тўйини қилиб, элга ош берганди. Ўшанда икки яшик ароқ тўёна қилган эдим. Тўйгарчиликда, ўғлим, айбга буюрмайсан, шуни сўраб келувдим. 

Раҳматжон ўғилларининг тўйига ким қанақа тўёна қилганини яхши эслайди, рўйхатга ёзиб ҳам қўйган, аммо Абди бува ароқ тўёна қилганини эслолмайди. "Энди нима қилсам экан, ҳозир буни бувага айтсам ранжийди. Балки биров билан адаштиргандир. Бунинг устига, пулдан қўлим сал қисқароқ пайтида келганини қаранг. Ҳай, нима бўлса бўлди".

– Хўп, бува, кечқурун кириб ўтаман, – деди Раҳматжон ноилож.
Халқимизнинг яхши удуми бор. Яхши-ёмон кунларда бир-бирининг мушкулини осон қилади, далда бўлади, еб турган нонини баҳам кўради, моддий ёрдам беришни инсоний бурч деб билади. Тўёна шундай одатлардан. Бу ёрдамни асло қарз деб бўлмайди. Биламиз, тўй ўз-ўзидан бўлмайди. Унинг катта-кичик, йўғон-ингичка харажатлари ҳар қандай бели бақувват кишини ҳам эгиб қўяди. Ана шундай пайтда қариндош-уруғ, таниш-билиш, ёру биродарлар беғараз, таъмасиз, чин кўнгилдан чиқариб қилган тўёна асқотади. Кейинчалик бу қайтарилади, қайтарилмаса ҳам ҳеч ким бундан ранжимайди, аксинча, савоб иш қилганидан мамнун бўлади. Бу савоб ишнинг бир кўриниши, савоб иш эса миннат қилинмайди. Чунки тўёна сўралмайди, қарз эса сўраб олинади ва агар тўланмаса, қиёматгача қарздорнинг бўйнида туради. 

Афсуски, тўёнани амалга қараб, ўзининг бойлигини кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун қилаётганлар ҳам учрайди ва "Мен фалончига фалон сўм ёки фалон нарса тўёна қилдим", деб миннат қиладилар. Бу тўёна олган кишининг ҳамиятига тегади. Иккинчидан, у ўша қийматдаги тўёнани қайтариш имконига эга бўлмаслиги мумкин. Гувоҳи бўлганмиз, "Биз сизнинг тўйингизга Фарангистоннинг мебелини тўёна қилувдик, энди сиз бизнинг тўйга Италияникини тўёна қиласиз", деб талаб қилувчилар бор. Шу туфайли бир умр юз кўрмас бўлиб кетган қариндош-уруғ, дўст-биродарлар бор.
Тўй – инсон орзу-умидлари рўёбга чиққан кун. Тўйчининг қувончига шерик бўлиш, унга ҳурмат юзасидан кўнгилдан чиқариб тўёна бериш савобталаб, бағрикенг халқимизга хос қадрият. Шахсий манфаатлар ва мақсадларни кўзлаб, тўёна баҳонасида бировни қарздор қилиб қўйдим, деб ўйлаш ярашмайди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.