Охирги янгиликлар

Тўйчибойнинг тўйи Маданият

Тўйчибой тўй қилмоқчи бўлди. Тўй қилганда ҳам донғи етти маҳаллага етгулик тўй қилмоқчи. Ахир кимсан Тўйчибой фермер деган номи бор.
Ана шундай ўй-хаёллар билан маҳалла идорасига йўл олди. Мақсади – оқсоқол билан тўйнинг маслаҳатини пишитиб, муддатини белгилаб олиш.
– Энди, раис бова, кўп йиллардан буён тўй қилганим йўқ, кенжатойим. Бир эсда қоларли тўй қилсам дегандим.
– Хўп, қанақа тўй қилмоқчисан? – ажабланиб сўради раис.
– Кўпкарили тўй қилиб, элга сарпо берсам дейман.
– …
Раис унинг гапини эшитмагани Тўйчибойга малол келиб, овозини яна-да баландлатиб такрорлади: 
– Кўпкарили тўй қилмоқчиман!
– Ҳим-м, фақат кўпкарининг ўзими? Одамлар ҳам кўпкарили, ҳам курашли тўй қиляпти. Биласан-ку, ҳозир курашга эътибор катта. Эшитган полвонларнинг ҳаммаси келади. 
Маҳалла раисининг дабдурустдан бундай жавоб қилишини кутмаган Тўйчибой жонланди.
– Ҳам кўпкари, ҳам кураш қилсам бўлаверадими? – деб сўради у ишонар-ишонмас.
– Қилавер, ука, кўпкари ҳам қилавер, кураш ҳам қилавер. Болаларга арқон торттириб, қулоқ чўзмоқ бўлса, яна ҳам яхши, бир яйраб, тўйингни эслаб юришади.
– Тўйга келганларга чопон, кўйлак кийгизмоқчиман, – дадилланди Тўйчибой.
– Сарпойингни беравер, – деди раис кўзойнагининг устидан қараб. – Чопон, кўйлак деб ўтирма, биратўла бош-оёқ сарпо қилавер. Қўй берган одамга унинг арқонини ҳам бериш нима деган гап. 
– Улоқда совринга той, туя қўймоқчи эдим…
– Ие, ҳали биттагина той билан туя қўймоқчимисан? Йўқ, бўлмайди, ука. Ҳозир совринга машина қўйиш урф. Ана, қўшни қишлоқлик Турдиқул совринга "Матиз" берибди. Нима, сенинг ундан каминг борми? – қўлини бигиз қилиб, дашном берди раис.
– Камлик жойим йўқ, тўйимга еттита жарчи қўяман.
– Вой манавини! Еттита жарчи нима бўлади, Тўйчибой. Ўн иккита жарчи қўясан, ўн икки маҳалланинг ҳаммасини тўйга айтиш керак, бўлмаса, айб бўлади-я.
Тўйчибойнинг бу гапдан кейин ҳовури анча босилиб қолди. 
– Ахир, уч хил таом тортмоқчи эдим-да, бунча одамнинг ташвиши шошилтириб қўймасмикан?
– Уч хил дейсанми?! Камида беш хил овқат қилдирасан, ука. Биринчисига мастава билан шўрва тортасан, иккинчисига кабобу манти, охирига паловхонтўрани қўясан. Ичимлик ҳам фақат тозасидан бўлсин, хўпми! 
Бундай дангал-дангал маслаҳатдан сўнг Тўйчибой жудаям шошилиб қолди.
– Унда санъаткорларни нима қиламан? Ахир, уларни ҳам "договор" қилиб қўйганман. 
Ана шундан кейин раис кўзойнагини стол устига олиб қўйди-да, насиҳатомуз:
– Тўйчибой, санъаткорларнинг зўри бўлгани яхши. Сенинг ҳам фалончибой деган номинг бор. Тошкентдан фалончиларни олиб келмасанг бўлмайди, ука, яна ўзинг биласан.
Бу маслаҳатдан сўнг Тўйчибой анча довдираб қолди.
– Бунинг устига, – дея давом этди раис, – маҳаллада тўй ўтказадиган тайинли бир жойимиз йўқ. Ана, чойхонамизнинг томидан чакка ўтиб ётибди. Тўйингга казо-казолар меҳмонга келишади. Кўчанг ёзда тупроқ, қишда балчиқ-лой. Ахир келганлар нима дейди? Тўйчибой тўй қилибди-ю, битта йўлини тузатиб қўймабди-да, дейишмайдими?! Дарвозанг олдидаги кўприк бузилиб ётибди, уни тузатишларинг керак. Қолаверса, уй-жойинг ҳам таъмирталаб, уёқ-буёғини бўятишинг лозим. Ё тўйингни ресторанда ўтказмоқчимисан, а?...
Тўйчибой бу гаплардан тамоман ўсал бўлиб қолди. Ҳатто кўз олди хиралашиб, қулоғи шанғиллай бошлади. Ахир шу тўйни ҳам банкдан кредит  олиб, тўёналар ҳисобига ўтказиб юбормоқчи эди. 
– Хўш, нега жим бўлиб қолдинг, гапир, ука?
Худди шу пайт раиснинг телефони Тўйчибойнинг жонига аро кириб, жиринглаб қолди. Тўйчибой юраги ҳапқириб кўзини очса, каравоти бошидаги қўнғироқли соат жиринглаб ётибди.
– Хайрият-е, тушим экан, – деди у енгил тортиб, соатнинг тугмасини босиб, овозини ўчираркан.
Худойберди КОМИЛОВ.