Охирги янгиликлар

"Эркалатса отаси, талтаяди боласи" Ёхуд бой берилаётган имкониятлар Маданият

Инсон дунёга аждодлари чироғини ўчирмаслик, илм-ҳунар эгаллаш, яратиш, ўзидан қобил зурриёд, яхши ном қолдириш учун келади. Яшашдан мақсад ҳам шу. Бундай кишиларни тарбиялаш эса  ота-она, нуроний  отахонлар, қўйингки, бутун жамиятнинг вазифаси.
Юртимизда ёш авлод тарбиясига устувор иш сифатида қаралаётгани боиси ҳам шу. Афсуски, бунинг мазмун-моҳиятини ҳали ҳамма – энг аввало, кўпчилик ота-она бирдек англаб етгани йўқ. Ваҳоланки, ҳозирги ёшларнинг еганлари олдида, емаганлари ортида. Бу бир бурда нонга зор бўлиб, азоб-уқубатларни кўриб вояга етган биз, кексаларнинг ҳавасини келтиради. Қаранг, юртимиз тинч, осойишта, маъмурчилик, ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунар ўрганиши, жамият тараққиёти, халқ турмуш фаровонлиги йўлида ўзлигини намоён этиши учун барча шароитлар муҳайё.

Аммо айрим ёшларимиз бу имкониятлардан фойдаланиш ўрнига қимматли вақтларини, азиз умрини беҳуда елга совурмоқдалар, ишёқмас бўлиб бораётирлар. Бунга биринчи галда "Бола азиз, тарбияси ундан азиз", деган нақлни унутиб қўйган баъзи ота-оналар сабаб бўлмоқда. Улар болаларини яхши ўқитиш, меҳнат қилишга ўргатиш, рўзғор тебратиш, ҳаётнинг баланд-пасти, аччиқ-чучугини англатиш ўрнига қўлларига жарақ-жарақ пул бериб, балоғатга етмасидан машина миндириб қўймоқда. Яна улар болаларимиз қулоқсиз, одобсиз, андишасиз, дангаса, текинтомоқ бўлиб бормоқда, деб нолишади. "Эркалатса отаси, талтаяди боласи", деганлари шу-да. Енгил ҳаётга ўрганган, тарбияси бузилган баъзи ёшлар оила қургач, уни эплолмай, ажралишлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Асосий тарбия оилада олинади. Кейинчалик боғча, мактабда мустаҳкамланади. Бироқ кўпни кўрган нуронийлар ҳам "оила – боғча – мактаб" ҳамкорлигида фаол иштирок этишлари зарур. 
Маҳалламизда ана шу вазифадан келиб чиқиб, мактаб, коллежларда ўқиётган ёки ишсиз юрган ёшлар билан ишлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилди. Улар доимий назоратга олинди, оилалар билан мустаҳкам алоқа йўлга қўйилмоқда. Маҳалланинг ёшлар, хотин-қизлар, оилалар билан ишлаш бўйича жамоатчилик комиссиялари бу ишни ўз зиммасига олган. Уларга катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларимиз бош-қош.

Мурод ҚУРБОНЗОДА,
Ургут тумани Камангарон МФЙ нуронийлар
жамоатчилик назорати кенгашининг раиси.