Охирги янгиликлар

Танқиддан олдин тарбия бериш зарур Маданият

Автобусга бола кўтарган аёл чиқди. Ҳеч ким унга жой беравермагач, ёши каттароқ аёл орқароқда ўтирган етти-саккиз ёшлардаги болани койиб кетди:
– Нима, кўрмаяпсанми? Автобусга бола кўтарган аёл чиқди, жой берсанг бўлмайдими ёки буни ота-онанг ўргатмаганми? 
Бола дашномдан кейин кўзига ёш олди. Бу ҳолатни кузатиб турган бир онахон гапга аралашди:
– Ўғлим, хафа бўлма. Ҳар доим кичкиналар ўзидан катталарга жой бериши керак. Айниқса, кексаларга, ҳомиладор, болали аёлларга. Ҳозир сен хато иш қилдинг. Чунки бу киши боласи билан автобусда тик туриб кетишга қийналади.
– Тушундим, энди бундай қилмайман, – деди бола хатосини англаб.
Бу ҳолатда болани айблаш ноўрин. Чунки у бола. Унга уйида ота-онаси, мактабда ўқитувчиси жамоат транспортида катталарга жой бериш кераклиги ҳақида айтмаган бўлиши мумкин. Агар ўша аёл онахон каби ётиғи билан тушунтирганда бундай кўнгилхираликлар бўлмасди. Ахир халқимизда "Бир болага етти маҳалла ота-она", деган гап бор. Шундай экан, ёшлар тарбиясида бу менинг болам ёки яқиним эмас, деб тўғри йўл кўрсатмаслик, бирдан танқид қилиш нотўғри. 
Яна бир гап. Баъзан болани тарбиялаяпмиз деб ҳаддан ортиқ қаттиққўллик қиламиз. Айрим нарсаларга чекловлар ўрнатамиз. Бу эса боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Баъзан эса назоратни-да чегарадан чиқарамиз. Оқибатда болада ўзига, қолаверса, ота-она ёки унинг тарбиясига масъул кишиларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади ва вазиятдан чиқиш учун ёлғон гапиради.
Фарзанд, умуман, ёшлар тарбиясида намунали оила, намунали таълим муассасаси, намунали ташкилот муҳитини яратиш муҳим. Бу уларда ўзаро ҳурмат, меҳр каби ижобий хислатларни шакллантиради. Акси бўлса, бирор ижобий натижага эришиш қийин.

Олим СОННИБОЕВ.