Охирги янгиликлар

"Ойдинда юрган одамлар" Ёзувчининг сўз қўллаш маҳорати ва асарнинг аҳамияти Маданият

Тоғай Муроднинг "Ойдинда юрган одамлар" қиссадаги Оймомо ва Қоплоннинг севги, ишончга бурканган, самимийликка йўғрилган, садоқатга лиммо-лим тўлган  гўзал умрларини "Муҳаббат қиссаси"  деб атагим келди. Негаки, фарзанд   кўриб ҳам, бир ёстиққа бош қўйиб, бир-бирининг юрагини тинглолмайдиган, тушунолмайдиганлар охир-оқибат оила аталмиш қўрғонни бузадиган, беғубор фарзандларни, мурғаккина қора кўзларни тирик етим қиладиган эр-хотинлар қанча. 
Қиссадаги Қоплонга ота-онаси ажрашишни маслаҳат берган ўринларни эслайлик. Бу гаплар бир неча бор айтилса-да, Қоплон бу таклифни ўйлаб кўрмади. Ҳатто бошқа рўзғор қилса, болалик бўлиб кетиши мумкинлигини кўнглидан ўтказмади. Чунки у ишонарди. Оймомо билан фарзандли бўлишини умид билан кутарди. Ҳа, бундай бобо ва момоларимиз ўтмишда бир эмас, икки эмас, ўнлаб бўлган. Улар умрлари етгунча кутишган. Бу ўринда Қоплоннинг ота-онасини ҳам қоралай олмаймиз, улар ҳам ўғлининг униб-ўсиши учун куйиндилар.
Оймомо ва Қоплон йўқ боланинг бобоси, йўқ боланинг момоси бўлиб, йилларни йилларга улайди. Бир-бирига мўлтираб яшайди. Улар учрамаган шифокор, улар кўринмаган табиб қолмайди. Аммо фойда кўрмайди. 
"Ойдинда юрган одамлар" Ёзувчининг сўз қўллаш маҳорати ва асарнинг аҳамияти
Аёл учун оналикдан улуғроқ бахт бўлмаса керак. Оймомо қалби тоза, кўзлари беғубор, сўзлари ғоят самимий, оқкўнгил аёл. У тоғдек юраги билан атрофдагиларнинг гап-сўзлари, пичинглари, таъналарига чидайди, бардош билан сабр қилади. Бу шунчаки оддий бир ҳолат эмас, ҳаётнинг фожиаси эди. Ҳа, балки тақдирнинг ёзиғи десак бўлар. Оймомо ҳаётга келиб нима кўрди? Болалигининг ўйинқароқ кунлари ҳам сағирликда ўтди. Бироқ, шунда ҳам нолимади, қаноат билан яшади.
 
Қиммат момонинг Оймомога юзсизларча қилган "маслаҳат"ига диққат қилайлик:
"Биров ярим билан… борди-келди қилиб кўрмадингизми, болам?" Оймомо онамиз Қиммат момо нима деди, мағзини чақа   олмади. 
"…Шу биров ярим билан ётиб дейман, ўзингни бир синаб кўрмадингми?". 
Оймомо онамиз ялт этиб Қиммат момога қаради. Онамиз лов-лов ёнди. Кўзлари пир-пир этди. 
…– Бошимда юзлари ҳақ никоҳлик эгам турибди-ку!
– Ҳақ никоҳлик эгангдан ёруғлик чиқмаса, нима қиласан... 

Орамизда шундай бетинг-кўзинг демайдиган "ақллилар" ҳам кўп-да. Оймомо онамиз гапни тушунгач, Қиммат момони жаҳл билан, ғазаб билан уйидан ҳайдайди. Дарвозанинг занжирини маҳкамлаб, шунда ўзини босолмай, уйга кириб, эзилиб-эзилиб, хўрланиб йиғлайди. Бундай бемаъниликни соф ва виждонли, покиза кўнглига сиғдиролмай, алам билан йиғлайди. Лекин нима ҳам қилардик, ёзувчи айтганидек, Қиммат момога ўхшаганлар ҳамма ерда бор. Ер юзида инсонлар орасида олтин-олмослар бўлганидек, темир-кўмирлари ҳам оз эмаслигини унутмаслик керак. 
Оймомо ҳар сафар Наврўз бўладими, сумалак сайли бўладими, тўй-ҳашарми, Қиммат момога ўхшаганларни деб қайга борса, "заҳар-заққум" бўлиб қайтади. Айниқса, ишга кеч қолган бобомиз билан момомизга даладаги ҳисобчининг фаросатсизларча қилган муомаласи китобхонни ҳам ғазаблантиради:
"Қайтанга болалилар ўз вақтида келяпти, ана Хумор, Санамлар! Бари қўша-қўша болалик аёллар!
Оймомо онамиз… юзларини бекитди.

– Эр-хотиннинг қорнидан бошқа қайғуси йўқ, яна тағин кечиккани кечиккан. Боласи бўлсаям майли, боласини эмизади деймиз, боласини аллалайди деймиз! Булар кимни эмизади, кимни аллалайди?! Эр-хотин бир-бирини эмизадими, бир-бирини аллалайдими?
Қоплон отамиз қалқиб кетди.

Қисса бевосита давр ва жамият ҳаётини ҳам ёритиб беради. Асарнинг 1980 йилда ёзилганига диққат қилайлик. Ўша замоннинг Оймомо ва Қоплон каби барча ишчилари индамасдан ишлаши лозим эди. Шунинг учун отамиз ҳам, онамиз ҳам бу сўзлардан қанчалик ғазабланмасин, қанчалик кўнгли вайрон бўлмасин, миқ этмай ишини давом эттиради. Ҳисобчига оғиз ҳам очмайди. 
Аёлга қанчалик қийин бўлмасин, эркак кишига ҳам ўзини тутиб юргани билан осон бўлмас экан. Қоплон отамиз ичдан эзиларди, юрак-юрагидан куярди, энтикиб-энтикиб нафас оларди. Айниқса, ферма мудирининг тўйига борган кунги ҳолатини ёзувчи таъсирчан ва ҳаётий мисраларда акс эттиради.

Янги келган меҳмон қўли кўксида Қоплон отамиз билан сўрашади:
" – Яхшимисиз, ака…
Отамиз қўлини кўксига қўйди.
– Шукур, шукур, – деди.
– Бола-чақа ўсяптими?
– Шукур…
– Невара-чевара катта бўляптими?
– Шукур…
– Чопқиллаб-чопқиллаб юришибдими?
…Отамиз эгик бошини ирғаб ўтира    берди.
Отамизнинг тўй-тўйлаганлари, еган-ичганлари бурнидан чиқди. 
Отамиз уйига ёниб-ёниб келди!
Нимага энди фақат бола-чақани сўрайди?
Нимага манави данғиллама уйни сўрамайди?
Моллари йилма-йил бузоқлайди. Нимага мол-ҳолни сўрамайди?
Қоплон отамиз Оймомо момомиз сингари бу дунёдан тили қисилиб, азобланиб ўтди…

Тоғай Мурод чол-кампир ҳаётини ғоят нозик, ғоят шоирона тасвирлайди. Асар тили оддий, халқчил, кўнгилга яқин ва жозибадордир. Сўзлар такрори орқали муаллиф воқеаларни китобхон қалбининг туб-тубига етказиб беради. Оймомонинг болалик йиллари ҳақида гап кетганда, "сағир" сўзини ёзувчи бир ўринда йигирма бир марта қўллайди. Шунда ҳам бу сўз асло ўз жозибасини йўқотмайди, борган сари ўқувчига жумланинг таъсирчанлик даражаси ошиб бораверади:

"Сағир мунис-да бўлди, ғамгинда бўлди.
Сағир сертамиз бўлди. Ҳаётда бўлмиш қилиқлар, иринг гапларни дарҳол илғаб олди. Энг ёмони, кўнглига олди. Сағир зийрак бўлди. Зарра бошидан ҳаётга катталар кўзи билан қаради. Сағир таъсирчан қиз бўлди. Бари сағирлик иши бўлди…"
 Тоғай Мурод сўз кўрки бўлган мақолни ҳам ўз ўрнида маҳорат билан қўллайди.
"Чиройинг борида чинорингни топ",
"Ҳар бир гулнинг ўз ҳиди бўлади",
"Ўғли борнинг ўзи бор, қизи борнинг
изи бор",
"Балчиққа тош отсанг,
бетингга сачрайди",
"Бедана тезотар бўлса, ўз бошини
ўзи ёради",
"Фолчига ишонма, сувга суянма",
"Бир қишнинг бир ёзи бўлади,
қарғанинг қағиллагани қолади"…
Тоғай Муроднинг "Ойдинда юрган одамлар" қиссаси воқеаларни қўшиқ мисол куйлайди. Воқеаларни авж билан, нолишлар билан фиғон этадики, асар қаҳрамонлари ўқувчига ўз яқини каби қадрдон бўлиб қолади. Китобхон уларга ачинади, қайғуради, уларнинг ташвишидан азобланади.
Яхшиси, уни сиз ҳам ўқиб кўринг.
Озода АБДУСАМАТОВА,
СамМИ академик лицейи ўқитувчиси.