Охирги янгиликлар

Эльза момонинг кашталари Маданият

Кўзлари мовий, қалби беғубор... Султонободликлар Эльза момони худди шундай таърифлашади. Аммо гап унинг қалби-ю беғуборлигида эмас. Эльза момо тиккан манзарали кашталарда бўлса керак. Биз шу кашталар таърифини эшитиб, Пахтачи тумани Мирзо Олим маҳалласида бўлдик.
Маҳалланинг Олмазор кўчасига 57 йил аввал келин бўлиб келган Эльза момо ҳалиям шу кўчада истиқомат қилади. Ёшлигида ҳисобчи, сотувчи бўлиб ишлади, тўрт нафар фарзандини турмуш ўртоғи билан тарбия қилди. Ҳозир эса невараларига қарайди, севимли машғулоти – кўзни қувнатувчи кашталар тикади. Бу кашталарни томоша қиларкансиз, атиргулнинг ҳидини, қайинларнинг шовуллаши-ю кузнинг таровати, сувнинг жилдирашини ҳис қиласиз. Ҳа, қарийб саксон ёшга яқинлашиб қолган момо тиккан кашталар мана шундай, ўзига хос. 

– Мен туғилиб ўсган Россиянинг Пермида ўша пайтлар кўпчилик шундай кашталар тикарди, – дея сўзлаб беради Эльза Холмуродова. – Ўзбекистонга келин бўлиб тушганимдан сўнг узоқ вақт турли соҳаларда ишладим, фарзандли бўлдик. Кашта тикишга вақтим бўлмасди. Қарилик нафақасига чиққач, бу севимли машғулотимга айланди. Мен кашталарни чизиб тикмайман. Хаёлимда бирор тасвир намоён бўлади-ю шуни дарҳол матога тушираман. Бирор марта чизмадан фойдаланмаганман. Кўзимни юмаман-у, хаёлимдаги тасаввурни жонлантираман. Шунинг учун бўлса керак, кашталарни сотиб оламиз, дейишса, бунга кўнмайман. Ахир уларнинг ҳар бирида кўз нурим, қалб қўрим синганда. 

Эльза Петровна шу манзарали кашталари туфайли бир неча бор туман миқёсида тадбиркорлар, ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган танловларда иштирок этиб, ўрин ҳам эгаллаган. Ҳунаридан фойда кўришни истамаётган онахонга одамларнинг игна-ип ёрдамида матога туширган манзараларидан завқ олишининг ўзи бир олам хурсандчилик бағишлайди. Бизнинг ҳам айнан шунинг учун келганимизни билган Эльза момо турли рангларда жилоланаётган кашталарини таърифлай кетди. Россия оқ қайинлари-ю, ўрмонлари тасвирлари кўпроқ экани эътиборимизни тортади. "Эҳтимол, туғилиб ўсган юртингиз соғинчи кашталарда намоён бўлар?" сўраймиз ундан.

– Балки шундайдир, ахир ҳар бир инсон учун туғилиб ўсган юрти азиз, – жилмаяди Эльза момо. – Албатта, соғинаман ва улар тасвирларда намоён бўлади. Лекин мен бу ерда, шундай софдил инсонлар қуршовида эканимдан мамнунман. Оиламиз билан жамулжам бўлган пайтларимиз "Мен бир ўзим келгандим узоқ юртдан, ҳозир мана, катта бир оилага айландик, шу ерда илдиз отдим", дейман. Доим меҳр оғушида яшадим, бундан ортиқ умргузаронлик бўлмаса керак. 
Мақола аввалида гап Эльза момонинг беғуборлигида эмас, унинг тиккан кашталарида, деб нотўғри айтдик, шекилли. Унинг тиккан кашталарига қараб баҳри-дилинг очилиши самимийлиги, сокин дарёдек тоза қалби туфайли бўлса не ажаб. 
Гулруҳ МЎМИНОВА.