Охирги янгиликлар

МУРУВВАТНИ БИЗДАН ЎРГАНИШСИН Маданият

Интернет тармоғида бир воқеани ўқидим. Нью-Йорклик киши "Ford" русумли автомобиль харид қилгач, унинг ичидан бир хат топиб олади. Мактуб машинанинг олдинги эгасидан эди. Хатда аёл ушбу автомобилни онасидан қолган азиз ёдгорлик ва ҳаётидаги энг ажойиб лаҳзалари билан боғлиқ рамз сифатида таърифлайди. Онаси вафотидан сўнг фарзандлари билан кўп вақтини шу машинада ўтказганини, ҳатто унга "Сара" деб ном қўйишганини ёзади.
Шунингдек, салондан болалар ўйинчоғи ёки сўрғич чиқиб қолиш эҳтимоли ва эшикнинг тангадек тирналган жойига изоҳ бераётиб, гўдакларини хотирлайди. Айни чоғда уч нафар оила аъзосидан айрилган аёл, машинага ўз оиласидек муносабатда бўлишни илтимос қилади. Мактубни тугатар экан, ушбу эсдаликни ноиложликдан сотганини, агар келажакда пул топа олса, ўзи қайтариб сотиб олиш истагини билдиради. Ҳар эҳтимолга қарши телефон рақами ва манзилини қолдириб, янги машина эгасини яна бир бор бағоят азиз бўлган "Ford" машинаси билан табриклайди.
Ушбу хат мазмуни ижтимоий тармоқлар орқали тарқалгач, минглаб қалбларни ларзага келтирди. Мактубнинг юрак ўртар мазмуни кўпчиликнинг кўзларида ёш қалқитди. Тезда хайрия этиш истагидаги америкаликларнинг ташаббуси билан банкда ҳисоб рақами очилди. Катта маблағ тўпланиб, машина собиқ эгасига совға қилинди. Америкалик хоним кўзларига ёш олиб, дунёда энг бахтиёр инсон эканлигини намоён этди. Яна бир ғамгин ҳикоя эртаклардагидек бахтли ниҳоясига етди.

Fарб давлатларида яшаётган инсонлар шоу-томоша тайёрлашни билишади. Уларнинг ҳаётида шов-шув, сенсациялар катта ўрин тутади. Бунда жабрдийданинг руҳий кечинмалари, атрофдагиларнинг унга муносабати ёрқин рангларда акс эттирилади. Натижада, кўпинча ўз ташвишлари билан банд кишилар, кундалик юмушлари билан овора жамият бу лаҳзада бир қалқиб тушади. Воқеа қаҳрамони ўрнида ўзини тасаввур этиб, унинг дардига шерик бўлади. Ёрдам қўлини чўзиш орқали ўзини шу жамиятнинг бир бўлаги, деб ҳис қилади. Оммавий ахборот воситалари ҳам шу дамда томошабоп дастурлар тайёрлаш пайида бўлади. Америкача орзу дегани шу, яъни қандайдир лаҳза инсон ҳаёти учун кучли бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Бир кунда дунёда қанча ҳодисалар юз беради, Афғонистонда террористларнинг қўлида ҳалок бўлаётган юзлаб оналар ва гўдаклар, Африкада нон илинжида кўзлари мўлтираб, нобуд бўлаётган одамлар ана шу лаҳзаларда бировни қизиқтирмайди.
Оддий темир буюм воситасида халқни бирлаштириш, бирор америкаликни ёлғизлатиб қўймаслик тамойили бутун дунёга намойиш этилади. Мухбирлар бу вазифани бажонидил бажарадилар. Мазкур ҳаракатлар меҳр-мурувват ёки ижтимоий ҳимоя борасида соатлаб маъруза ўқиш, мажлисбозликдан кўра яхшироқ самара беради.

Аслида эзгу амалларнинг барчаси нозик Шарқ фалсафасига бориб тақалади. "Авесто"даги эзгулик ва ёвузлик масалалари, Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" асари ёки ўтмишдаги буюк аждодларимизнинг ўгитлари ўрганилса, барчасининг туб мағзи шудир.
Fарб одамларининг кўпчилиги ер юзининг бурчакларида тарқоқ жамоа сифатида тирикчилик қилиб юрганида аждодларимиз илм ва маърифат билан шуғулланаётган эди. 

Асл ижтимоий ҳимоя, меҳр-мурувват кўрсатиш кўпроқ бизнинг миллатимизга хос бўлган тушунча эмасми? Бировнинг корига яраш, қўни-қўшнига нисбатан яқин муносабат, авлоддан авлодга ўтиб келаётган маҳалла институти айнан шу фикрлар исботидир. Оқсоқоллар, диний уламоларнинг насиҳату амримаъруфи замирида ҳам бировнинг ҳолига яра деган тушунча мужассам.
Зеро, донишманд Шарқ халқи азалдан цивилизация бешиги бўлиб келган.

Жамшид НОСИРОВ.