Охирги янгиликлар

ИЗТИРОБ Маданият

Бундан ўн-ўн беш йиллар олдин Тожинор ая ўзини дунёдаги энг бахтли она, деб ҳисобларди. Ахир фарзандидан совғалар олиш, ширин сўзларни эшитиш ҳамма оналарга ҳам насиб қилавермайди-да! 
Оналарнинг меҳри дунёдаги барча меҳрлар устуни. Уни бирор мезон билан ўлчаб бўлмайди. 
Бугун эса Тожинор аянинг кўзи мудом эшикда, йўлда. Ўғлини, ягона ўғлини, ўзи эркалатиб ўстирган невараларини соғинади. 
Ахир шу ниятда фарзанд ўстиргандингми?! "Болам, сендан ҳеч нарса керак эмас, фақат соғ-саломат бўлсанг бас", дея айтган илтижоларига оладиган жавоби тайин, баҳоналар эса ўша-ўша. Охирги бор телефонда эшитган сўзлари барчасидан ўтиб тушди: 
– Ая, тушунинг, ишим кўп, проблемалар бошимдан ошиб ётибди. Сизни бориб кўришга ҳозирча вақтим йўқ. 
Тожинор аянинг боши айланиб, кўзи тинди. Ўзига келгач, қўлини дуога очди: 
– Қаерда бўлсанг ҳам соғ бўл, омадингни берсин, болагинам. 
Аслида эса ҳаммасига Тожинор аянинг ўзи сабабчи. 

Ўғлига барча нарсани муҳайё қилган она унга амал, мансабнинг ўткинчи эканлигини англатолмаган, оқ-қорани танитмаган, дунёнинг устуни меҳр эканлигини уқтирмаган эди. Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу бўлишини айтмагани учун энди ҳар қанча афсусланмасин, фойдаси йўқ. 
Олдинлари Тожинор ая ҳаммасига келинини айбдор, деб ҳисобларди. Бироқ шубҳаларининг ноўринлигини англаб етди. Инсоннинг маънавий дунёси бой, тафаккури кенг бўлса, уни ҳеч ким чалғита олмайди. Ўғли Сайфиддинга келин танлашда у фақат ўз мезонлари билан андармон бўлди. Бир гал ўғли "Онажон, у ақлли, фикри менга тўғри келадиган қизми?", дея сўраганида "Энг муҳими, у жуда чиройли, сенга ҳамманинг ҳаваси келади", дея жавоб қайтарганди. 

Келин бўлмиш янги хонадонга келганидан сўнг уй файзга тўлди. Сайфиддиннинг иши фақат олдинга илдамлади. Бирин-кетин туғилган набиралар уйни қувончга тўлдириб юборди. Аммо бир куни набираларидан эшитган гапи уни карахт ҳолга солиб қўйди. "Бувижон, биз энди сиз билан яшамас эканмиз, кўчиб кетар эканмиз". 

Кўчиб кетиш ҳақидаги хабарни айнан ўғли Сайфиддиндан эшитгандаги ҳолати ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. Аслида алоҳида яшашга арзирли сабаб ҳам йўқ эди-да. "Ҳеч бўлмаса, битта фарзандингни менга ташлаб кет", дея зорланган онага, "Тез-тез келиб турамиз", деб баҳона қилишди. Бошида ўғил ора-сирада келиб турди, фарзандларини олиб келса ҳам бир-икки кун ташлаб кетарди. Бора-бора бу келиб-кетишлар узилиб қолди. Охири она бунга ҳам кўникди. Минг афсус, Сайфиддин онасини дунёдаги энг бахтли оналар қаторига қўша олмади. Онасининг туғилган кунида ҳам табриклаб кетишга вақти бўлмади. Эътиборсизлиги, бемеҳрлиги билан она қалбига тиканлар санчди, холос. 
Кеча эшитдим, Тожинор ая оламдан ўтибди. Айтишларича, Сайфиддин онаси қабрга қўйилгандан сўнг етиб келибди. Бемеҳр ўғлига соғинчу изтиробда умри ўтган онаизор қабрига бир сиқим тупроқ ташлаш ҳам буюрмабди.
Абдуазиз ҲОШИМОВ.