Охирги янгиликлар

САЁҲАТЧИ ОНАХОНЛАР САРГУЗАШТИДАН Маданият

Паст Дарғом тумани Мирзатўп маҳалласида яшовчи Назира ая Тошқулова бошчилигидаги бир гуруҳ онахонлар гап-гаштакда, ресторанларда ўтиришдан кўра, бошқачароқ дам олиш йўлини танлаганлар. Онахонлар республикамизнинг барча вилоятларидаги зиёратгоҳларни айланиб чиқишга қарор қилишган. Ҳозиргача улар Тошкент, Жиззах, Қарши, Шаҳрисабз, Ургут, Термиз, Навоий каби шаҳар ва Хоразм вилоятида бўлишди.
Ҳар бир сафардан бир олам таассурот билан қайтаётган онахонларнинг Хоразмга саёҳати узоқ вақтгача эсдан чиқмайдиган бўлди. 
– Ўз шаҳримизда қўни-қўшниларнинг бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиши одатий ҳолга айланиб қолган, – дея сафар таассуротларини гапириб беради Назира ая. – Аммо бошқа вилоятда бундай ҳолга дуч келсангиз одатларимиз, қадриятларимиз нақадар инсонийлигига амин бўласиз. Хоразмга кетаётган чоғимизда, Самарқанд вокзалида хивалик бир оила билан танишиб қолдим. Оила бекаси – Саножон исмли аёл зиёратга кетаётганимизни эшитиб, "Хоразмга борсангиз бизникида меҳмон бўлинг", деб телефон рақамини берди, яна "Қўнғироғингизни кутаман", деб қўйди. Шу билан Урганчга бориб поезддан тушдик. Шаҳарни яхши билмаймиз. Формадаги юртдошимиздан (ЙҲХ ходими) Зиёратгоҳларга қандай борса бўлади, биз Самарқанддан келганмиз деб сўрадим. "Неча кишисизлар?", деди ва дарров телефонини олиб қаергадир қўнғироқ қилди. Бир зумда автобус етиб келди. "Мана шу улов сизларнинг хизматингизда, Хоразмнинг ҳамма зиёратгоҳларини айлантиради", деди. Биз қувонганимиздан ички ишлар ходимига раҳмат айтиб, дуо қилдик.

Урганч ва Хиванинг диққатга сазовор жойларини, тарихий зиёратгоҳларини айланиб бўлгач, поездда танишган юртдошимизга қўнғироқ қилдим. "Галинглар, сизларни кутяпмиз", деди Самарқанд вокзалида танишган хоразмлик оила бекаси. Шундай қилиб, танишганимга бир кун ҳам бўлмаган юртдошимизникига 18 киши меҳмонга келдик. Бизни катта эҳтиром билан кутиб олишди. Хоразмликлар санъатсевар халқ. Лазгига, лапарларга рақсга тушдик. Уй бекасининг турмуш ўртоғи Хоразмда Абдулла Булбул деб ном қозонган экан. У киши ҳамма қушларнинг овозига тақлид қилиб бизни лол қолдирди. Улар кечқурун бизни меҳмонхонага жўнатмасдан, "Қоласизлар, бизникида ётиб кетасизлар, жой ҳаммага етади", деб туриб олишди. Бизга кўрсатилган шунча ҳурматдан хижолат бўлиб оз-моз пул йиғдик ва Санога узатдим. У "Ундай қилманг, хафа бўламан, сизни меҳмон қилиш эвазига Самарқандда мен учун яна битта эшик очилди. Энди у ерга борсам кўчада қолмайман", дея пулни олмай мени уялтирди. Эртаси куни яна ака-укаларини чақириб, машиналарида бизни вокзалга олиб бориб қўйишди. Хоразм зиёратгоҳлари ва хоразмликларнинг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва олижаноблиги бизда катта таассурот қолдирди.
Онахонларнинг саёҳат тафсилотларини бири қўйиб бири гапириб бериши кишига завқ бағишлайди. Қайси бир хорижлик сайёҳдан юртимиз ҳақида фикр сўрасак, аввало, халқимизнинг меҳмондўст, самимийлигини таъкидлаши бежиз эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. 
Бахтигул ҚАРШИЕВА.