Охирги янгиликлар

ТОМОШАБИН ТЕАТРГА ҚАЙТДИ Маданият

2017 йил 3 август куни Президентимиз Ш.Мирзиёев ижодкор, зиёлилар билан учрашиб, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларини ривожлантириш бўйича мақсад-вазифаларни белгилаб берди. Шундан келиб чиқиб, театр йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят мусиқали драма театри директори Баҳодир Шарофов билан суҳбатимиз театр санъати, ижодий янгиликлар ва келажакдаги режалар хусусида бўлди.

– Кейинги йилларда вилоят мусиқали драма театрида катта ўзгаришлар юз берди. Репертуар танлаш ва томошабин билан ишлаш борасида ижодий жамоа фаол меҳнат қилди. Қалбларни ларзага соладиган, кишиларга юксак маънавий озуқа берадиган спектакллар қўйилди ва бугун театр томошабинни қайтара олди. 
–  Театр – бу тирик организм. Бу кино ёки фонограмма билан қўшиқ айтиш эмас. Театр санъати ҳаётни, воқеа-ҳодисаларни, турли курашлар ва зиддиятларни, ички кечинмаларни драматик хатти-ҳаракатларда, актёр ижроси орқали акс эттиради. Театрга томошабин бевосита келиб, спектаклни жонли томоша қилади, актёрлар ижросидан баҳра олади. Театр санъати ўзининг бутун тарихи давомида одамларни эзгуликка ундаш, инсонлар қалбига маънавият уруғини сочишга интилиб келган. Бизнинг театримиз ҳам мана шу анъаналарни давом эттирган ҳолда томошабинни андаза бўлиб қолган кулгили, қайнона-келин, ўғил-ота муносабатлари, оилавий қўйди-чиқдилар билан жалб қилишни хоҳламадик. Одамларни фақат комедия билан андармон қилса бўлади, театрда комедия қўйилса, томошабин келади, деган стереотипни синдирдик. Агар яхши спектакль қўйсангиз, томошабин театрга жон деб келади. Буни биз кейинги бир ярим йил мобайнида қўйилган спектакллар – "Мирзо Улуғбек", "Имон", "Самарқанд сайқали", "Кўчки" спектакллари мисолида англадик. Саҳнада қўйилаётган асар халқнинг кўнглига яқин бўлса, уларнинг муаммолари, ўй-фикрларини очиб бера олса, халқ спектаклга келади. 
– Драматик асарларни саҳналаштириш осон иш эмас. Бу спектакллар қанчалик ўзини оқлади?
– Албатта, театрнинг томошабинлар бўйича молиявий режалари бор. Ўтган 2016 йилда бу режани 115 фоизга бажарган эдик. 10 ойлик сарҳисобни оладиган бўлсак, бу йил театр ўзининг молиявий режасини 122 фоизга бажаради. Бу ниманинг ҳисобидан? Биз томошабинни жалб қилдик. Жалб қилдик, дегани нима, биласизми, бугун театр эшикларини катта очиб қўйиб, томошабин келаркан деб кутиб ўтириб бўлмайди. Аввало, яхши асар қўйиш керак, шу яхши асарни тарғиб қилиш, оммага етказиш керак. Шундан кейин томошабин келади. Ташкилотчилик, тарғибот-ташвиқот бўлмаса, томошабин келмайди. Бизнинг томошабин театрдан узоқлашиб бўлган эди. Бугун томошабинни яхши асарлар қўйиш, тарғибот ишлари билан театрга қайтаришга эришяпмиз.

Тўғри, залларимизнинг тўлиши очиқ касса орқали эмас. Биз корхона, ташкилотларга, завод-фабрикалар, олий таълим муассасаларига бориб, шартномалар тузяпмиз. Лекин мажбурий эмас. Биз таклиф қиламиз, улар қабул қилишади. Биз ташкилотчилик йўли билан олиб келаётган томошабин спектаклдан норози бўлиб кетмайди. Аксинча, Самарқандда шунақа театр бор эканми, шунақа асарлар қўйилар эканми, деган фикр билан кетяпти. Биз томошабинни театрга келмаётгани учун айблашимиз керак эмас. Кўп нарса тарғибот-ташвиқотга боғлиқ.  
– "Кўчки" спектакли санъат мухлислари орасида катта шов-шувга сабаб бўлди...

– Биласизми, Самарқанд театри катта тарихга эга, ўз вақтида Тошкент театрларидан ҳам устун турадиган мактаби бўлган. Бугун ана шу мактабни қайтаришга интиляпмиз. "Кўчки" спектаклига келсак, бу психологик драма. Биз бу спектаклни саҳналаштираётганда бироз чўчигандик. Шунча харажат бўляпти, Тошкентдан режиссёр чақирдик, ўзини ўзи қоплармикан, деб ўйладик. Лекин томошабин спектаклни жуда яхши кутиб олди. 28-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрига ижодий гастролга жўнаймиз. "Кўчки" спектакли катта шов-шув бўлганлиги боис Тошкент томошабинлари, мутахассислар бизни пойтахтга таклиф қилишди. Биз "Кўчки" ва "Имон" спектакллари билан Тошкент шаҳрига ижодий гастролга боряпмиз.
Яқинда халқимизнинг севимли шоири, драматург Усмон Азим спектаклни томоша қилиб кетди. Саҳна ортидаги суҳбатимизда Усмон ака "Спектаклни кўриб, ёнимда ўтирган томошабин аёллар росманасига йиғлай бошлашди, ўзимни ноқулай сездим", деди. Ижодий жамоанинг машаққатли меҳнатлари мақтовга, эътирофга арзийди, албатта. Театрга томошабинни қайтариш учун енгил-елпи йўлларни изламайлик. Бизга мана шунақа спектакллар керак. Катта асарлар катта харажатни, катта меҳнатни, ташкилий ишларни талаб қилади. Шуларни бўйнимизга олиб, бу ишларни қиляпмиз. Чунки Самарқанд театри пойтахт театрларидан кам бўлиши керак эмас. Шу меҳнатларимиз эвазига 2016 йилда "Мирзо Улуғбек" спектакли "Эътироф" мукофотига сазовор бўлди.  

– Театрнинг моддий-техник базасини яхшилаш, бинони таъмирлаш борасида қандай янгиликлар бор? Ижодий жамоага ёш актёр ва актрисалар жалб қилиняптими?    
– Биласиз, ёшлар Тошкентда ишлагиси, тезроқ машҳур бўлгиси келади. Аммо мамнуният билан айтишим мумкинки, кейинги уч йил мобайнида санъат институтини битирган етти нафар ёш сафимизга қўшилди. Бу катта гап. Биз ёшлар билан кўпроқ ишлашимиз, улар учун шароит яратиб беришимиз керак. Томошабинни жалб қилиш учун театр кучли бўлиши, актёрларнинг билим малакаси юқори бўлиши керак. Томошабинга етказиш учун аввало, актёрнинг дунёқараши кенг бўлиши керак. Актёр кўп китоб ўқиши лозим.
Бино таъмири, иситиш тизими, моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан чора-тадбирлар белгиланяпти.
Президентимиз ёш актёрлар учун уйлар қуриш масаласини ҳам кўтардилар. Бизда ҳали бу нарса бошлангани йўқ. Агар шундай уйлар қуриладиган бўлса, ёш актёрларни ушлаб қолиш имкониятига эга бўламиз. Уларга шароит қилиб берадиган бўлсак, муносиб уйлари бўлса, меҳнат ҳам шунга яраша бўлади. Чунки актёр жўшиб ижод қилиши учун у маиший муаммолардан холи бўлиши керак. Бундан ташқари, театрнинг ижодий гастроллари, актёрларни қўшимча моддий рағбатлантириш, кундалик, маиший харажатларимизга ёрдам қилиш учун бириктирилган ҳомийларимиз ҳали жим. 
– Ёш томошабинлар ҳақида ҳам гаплашсак. 
– Албатта, олий таълим муассасалари талабаларининг спектакль томоша қилиш маданияти ўсгани сезиляпти. Лекин театрда ўтказилган тадбирларда гувоҳ бўлиб, коллеж ва лицей ўқувчиларида ҳали театр маданияти бор деб айтолмайман. Кўпчилиги қаерга келганини ҳис қилмайди. Ўзини дискотекага келгандек тутадиганлари ҳам бор. Уларга театр муқаддас даргоҳ эканлиги, театр маданияти нималиги ҳақида кўпроқ таълим-тарбия беришимиз керак. 

– Актёрлар янги спектаклнинг репетицияси билан банд деб эшитдик... 
– Бу келгуси йилда қўйиладиган спектакль. Биз Насрулло Қобил асари асосида улуғ аллома, файласуф Бобораҳим Машраб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи "На малаксан, на фаришта" мусиқали спектаклининг иш жараёнини бошлаб юбордик. Ҳозирга қадар Машраб ҳаёти ҳақида бирор бадиий фильм ёки спектакль тайёрлангани йўқ. Машраб ким ўзи? Уни девонаи Машраб дейишади, унинг девоналиги нимада? Ишқ-муҳаббат уни шу кўйга солганми ёки у ҳақиқат йўлини излаганми? Томошабинга ана шу жиҳатларни очиб бериш учун бу асарни танладик. "Меҳридарё" мусиқали драмаси намойиш этиляпти. Бу ҳам драма, ҳам комедия жанридаги асар. Келгуси йил учун репертуаримизни шакллантиряпмиз. Халқимиз дилига, дидига мос асарларни танлашга ҳаракат қиляпмиз. 

Яна бир катта лойиҳамиз – майдон театри. Илгари томошалар театр саҳнасидамас, кўчаларда, катта майдонларда намойиш этилган. Биз шу анъанани қайта тикламоқчимиз. Театр олдида катта бир саҳна қурилди. Биз бундан унумли фойдаланиб, майдон спектаклини яратмоқчимиз, халқона, халққа яқин бўлган репертуарни ишлаб чиқяпмиз. Келгуси йил Наврўз байрамида томошабинлар оммасига ҳавола этмоқчимиз. Майдон театрида дорбоз, қизиқчи, масхарабозлар, чўпоёқлар бўлади. 

Зилола ОМОНОВА
суҳбатлашди.


Reklama huquqi asosida