Охирги янгиликлар

ХИТОЙЛИКЛАРГА ИЛҲОМ БЕРГАН СУҒД САНЪАТИ Маданият

Тан империяси даврида Самарқанддан (713-727 йилларда), Кешдан (727 йилда), Маймурғдан (729 йилда) Хитойга ёш йигит ва қиз раққосалар борганлиги тарихий манбаларда келтирилади. Улар қирмизи кўйлак, қизил замшдан ковуш кийиб рақс ижро этадилар. Раққосаларнинг чиқишлари махсус саҳналаштирилган бўлиб, уларнинг рақслари асосан икки турга бўлинади. Биринчи тур рақслари гавда ва қўл бармоқларига алоҳида эътибор бериладиган нозик ҳаракатлар орқали ижро этилса, иккинчи тур рақслар шўх-шодон, шиддатли ва акробатик усулларда намойиш қилинади. Мазкур рақслардан илҳомланган хитойлик шоирлар Бо Цзюй-и ва Юань Чжен "Чочлик қўшиқчи қиз" ҳамда "Шамолдек чарх ураётган ғарблик қизлар" номли шеърлар ёзадилар. Ўз навбатида раққоса қизлардан Хитой маликалари Ян ҳамда Рокшан суғдий рақсларнинг бир нечта ижро услубларини ўрганишади.
Хитой йилномаларида келтирилган бундай маълумотларнинг тўғрилигини бу ўлкада олиб борилаётган археологик тадқиқотлар ҳам тасдиқламоқда. Жумладан, Шимолий Хитойда олиб борилган археологик қазишмалар даврида VI-VII асрларга оид бадавлат суғдий аслзоданинг қабри топилади. Қабрдан чиққан мармар тоштахтанинг юқори қисмида суғдий аслзода ва унинг хотини хизматкорлари қуршовида базм уюштирган саҳнаси, пастки кўринишда эса Хитойга бориб ўзларининг санъатларини намойиш этаётган суғдлар мусиқа ансамбли тасвирланган. Ансамблда ўнтача машшоқ иштирок этган. Улардан бир нечтаси уд, иккитаси най, иккитаси бир қўли билан ушлаб, иккинчи қўл билан уриб чалинадиган ноғорасимон асбоб ушлаб олган. Битта созанда эса арфа чаляпти. Созандалар ўртасида раққос. Раққоснинг ҳаракатидан, аниқроғи қўлларининг тепага қараб тик ҳолатда ушлаб туришидан унинг силтаниб рақсга тушаётганлигини англаш мумкин. Бундай рақсга тушиш кўпроқ эркаклар учун хослигини ҳисобга олсак, бу ерда раққос тасвирлангани ҳақиқатга яқинроқ.

Умуман, ўз даврида Суғдиёна, Бақтрия-Тохаристон, Чоч, Уструшона, Хоразм ва Фарғона Шарқий Туркистон, Хитой, Узоқ Шарққа ўзининг ноёб мусиқа маданиятини доимо "экспорт" қилиб, ушбу мамлакатларнинг мусиқа, қўшиқчилик ва рақс санъати ривожига катта таъсир кўрсатган. Бу эса минтақамизда антик ва илк ўрта асрларда мусиқа маданияти юқори даражада тараққий этганини билдиради.
Абдусобир РАИМҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси археологик тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.


Reklama huquqi asosida