Охирги янгиликлар

ИМОМ, ОТИНОЙИ ҲАМДА МАЪНАВИЯТЧИНИНГ ГАПИ қатъий бўлиши керак Маданият

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, хорижлик уламолар, дин ходимлари иштирокида ўтказилган халқаро конференцияларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ёт бўлган зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини оширишга бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят, туман ва шаҳарлардаги вакиллари, имом-хатиблар, отинойилар, маънавият ва маърифат марказлари мутахассислари иштирок этди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Д.Бобожонов, Тошкент ислом институти ректори У.ўафуров, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ў.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уни тарғиб этишда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш ва улардан жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

– Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги маърузаларида жаҳолат, халқаро терроризмнинг илдизлари, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган муаммо ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида аниқ таклифларни ўртага ташлади, – дейди Д.Бобожонов. – Қолаверса, яқинда ўтказилган "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида" мавзусидаги халқаро конференцияда мамлакатимизда ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, халқаро терроризм ва экстремизм сингари таҳдидларга қарши курашишда тажрибалар, "Жаҳолатга қарши маърифат" тамойили асосида принципиал ёндашувларга юксак баҳо берилди. Ушбу маъруза ва эътирофларнинг моҳиятини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида тарғиб этишда имомлар, отинойилар ҳамда маънавият тарғиботчиларининг муносиб ўрни бор. 

Анжуманда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимиз софлигини асраш, ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда «оммавий маданият» ва зарарли ғоялар, турли хавф-хатарларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда имом-хатиблар олдидаги вазифалар юзасидан аниқ таклифлар ўртага ташланди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Қулматов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.


Reklama huquqi asosida