Охирги янгиликлар

ТАТАРИСТОНЛИК УЛАМОЛАР САМАРҚАНДДА Маданият

Россия мусулмон арбоблари делегацияси таркибида мамлакатимизга ташриф буюрган Татаристон Республикасининг диний уламолари Самарқандга келди.
Меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими ўринбосари М.Восеев ҳамда шаҳар жамоатчилиги вакиллари томонидан кутиб олинди.
Дастлаб меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди. Мазкур қадамжода Татаристон делегацияси аъзолари ҳамда самарқандлик имомлар иштирокида Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида фикрлашдилар.
– Ўзбек ва татар – дини бир, тили ва маданияти ўхшаш халқлармиз, – дейди Татаристон туризм қўмитаси раиси ўринбосари А.Абдрашитов. – Бугун татаристонлик аксарият мусулмонлар уламолар юрти бўлган Ўзбекистонга келишга, аждодларингиз қолдирган бой меросни ўз кўзлари билан кўришга, дунё эътироф этган олимлар, хусусан, Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилишга орзуманд. Шунинг учун ҳам жорий йилнинг сентябрида Ўзбекистон ва Татаристон Президентларининг учрашувида савдо-иқтисодий, саноат, туризм ва маданий соҳаларда ҳамкорлик муносабатларининг ўрнатилиши бутун татар халқи томонидан хурсандчилик билан қарши олинди. 
Ташрифнинг иккинчи куни делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр, Регистон мажмуалари, Амир Темур, Имом Мотуридий мақбараларини зиёрат қилди.

Абдурасул АШУРОВ.


Reklama huquqi asosida