Охирги янгиликлар

"СИНЧАЛАК" ЯНА ЭКРАНДА Маданият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 7 августдаги "Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрация қилиш ва замонавий форматга ўтказиш белгиланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Ўзбеккино" миллий агентлиги ва вилоят ҳудудий бўлими ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида "Ўзбек киноси дурдоналари" рукни остида ретро фильмлар намойиши бошланди. 

– Тажриба синов тариқасида илк бор йўлга қўйилаётган лойиҳадан мақсад ёш авлодни ўзбек киносининг шонли тарихи, буюк актёр ва актрисаларимиз яратган ўлмас образлар, тарихий шахслар ҳаётидан ҳикоя қилувчи картиналар билан таништириш ва нодир асарлар умрини узайтиришдан иборат, – дейди "Республика кинофонди" давлат унитар корхонаси директори Маъмур Муҳаммадсаидов. – Шунингдек, ретро фильмлар намойиши орқали шу фильмларни кўриб, ўсиб-улғайган катта ёшдаги томошабинлар учун ўтмишнинг ёқимли хотираларидан баҳраманд бўлиш имконияти ҳам яратилади. 

Ретро фильмлар 1974 йилда режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган "Абу Райҳон Беруний" фильми намойиши билан бошланди. Дастлабки репертуардан "Абу Али Ибн Сино" (1956), "Синчалак" (1961), "Дилбарим" (1967), "Интеграл" (1970), "Атроф оппоқ қорга бурканган" (1996), "Ёлғиз ёдгорим" (1998) каби 30 га яқин фильмлар жой олган. Репертуар учун энг яхши фильмлар саралаб олинади ва ҳар ой янгиланиб, бойитилади. Ҳар бир фильм намойиши ҳафта кунларига қараб белгиланади.

"ОТА УЙ" ТАҚДИМОТИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган янги фильм тақдимоти ва киноижодкорлар билан ижодий учрашув самарқандлик киномухлислар учун эсда қоларли онларни ҳадя этди.
Ота ва фарзандлар. Уларни қийнаган чигал муносабатлар. Унутилаёзган меҳр. Бой берилган имкониятлар. Бутун умр ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилиб, истеъфога чиққан Раҳим ота ўтган ҳаётига назар ташлайди. Яқинларини тўплашга, яна аввалгидек бир оила бўлиб яшашга ҳаракат қилади. Бироқ унинг бу уринишлари самара бермайди. Фақат бир тасодиф туфайлигина улар яна ота уйида бирлашадилар. 
Самарқанд шаҳридаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида премьераси бўлиб ўтган "Ота уй" фильми инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибати, қариндошлик ришталари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм режиссёри Александр Гамиров. Фильмда бош ролларни Пўлат Саидқосимов, Бобур Йўлдошев, Алишер Узоқов, Учқун Тиллаев, Феруза Собитовалар ижро этишган. 

– Оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, қариндош-уруғ ўртасида меҳр оқибатни кучайтиришга қаратилган "Ота уй" фильмини яратишда қаҳрамонларни одамлар орасидан қидирдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, фильм директори Пўлат Саидқосимов томошабинлар билан учрашувда. – Бугунги ўзбек киноси, тижорат фильмлари ҳақида турли фикрлар айтилаётган пайтда томошабин қалбига кириб борадиган, тарбиявий аҳамиятга эга фильм яратишга ҳаракат қилдик. Фильм сиз суйган фильмлар қаторидан муносиб ўрин олади, деган умиддамиз.
Ижодий учрашувда кино мухлислари фильмнинг яратилиш жараёни, замонавий ўзбек киночилигидаги муаммо ва ютуқлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. 
Зилола РУСТАМОВА. 


Reklama huquqi asosida