Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1 сентябрдан телеканалларимиз сони яна биттага ошади

2019 йил 11 июль куни Президентимизнинг  “О‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси , Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Республика “Маънавият ва маърифат” маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 1 сентябрдан “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш тўғрисидаги республиканинг кенг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланган таклифи маъқулланди.

Минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш, буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш, буюк ватандошларимиз – олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш, доимий ишлаб турувчи телевизион студия – “мунозара майдончаси” фаолиятини таъминлаш, Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини таклиф қилиш, чет элларга ижодий сафарлар давомида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда музейлар коллекцияларида, хорижий давлатларнинг илмий марказларида, шунингдек, жаҳон тарихий меросини ўрганаётган жамғармаларда сақланаётганқимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрлаш “О‘zbekiston tarixi” телеканали фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари  сифатида белгиланди.