Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

100 хонали меҳмонхона қурсангиз йилига 40 минг доллар оласиз

- Меҳмонларни бошқа вилоятларга саёҳатга олиб бориш учун қўшимча лицензия олиш шартми?

- Хорижий сайёҳлардан хизматлар учун қўшимган қиймат солиғи олинадими?

- Оилавий меҳмонхона қуриш учун имтиёзли кредит бериладими?

- Бир қаватли меҳмонхонани икки қаватлига айлантириш учун қайси ташкилотлардан рухсатномалар олиш керак?

Cамарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти томонидан ташкил этилган семинарда сайёҳлик фирмалари, меҳмонхона, ресторанлар, туроператорлар ва туризм соҳаси вакилларининг шу каби саволларига вилоят давлат солиқ, божхона, ички ишлар бошқармалари ходимлари жавоб қайтаришди.   

Дастлаб Cамарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Б.Нуриллаев Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги «Туризм тармоқини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти тўғрисида тушунча берди.  

 - Ушбу ҳужжатлар билан 2019-2025 йиллар учун Туризмни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди, - дейди Б.Нуруллаев. – Унга кўра, 2022 йил 1 январгача 50 ўриндан кам бўлмаган уч юлдузли меҳмонхона қурган инвесторга ҳар бир хона учун сарфланган харажати учун 40 миллион сўм ва 100 ўриндан кам бўлмаган тўрт юлдузли меҳмонхона учун 65 миллион сўм субсидия берилади. Бундай имтиёз МДҲ давлатларининг бирортасида йўқ. Бундан ташқари, уч юлдузли дастлабки 50 меҳмонхонага ҳар бир номер учун йилига 200 доллардан ва тўрт юлдузли 30 меҳмонхонага 400 доллардан компенсация тўланади. Бу 100 номерли меҳмонхона учун йилига 40 минг АҚШ доллари дегани. Ҳужжатга асосан мамлакатимизда туризм янада ривожлантириш учун ҳаво, темирйўл, автомобиль ва сув транспорти каби қулай логистикани ўз ичига олган замонавий транспорт инфратузилмасини йўлга қўйишга доир ишлар ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, хорижий сайёҳларни ҳар бир шаҳарда 3 кунгача бўлиши таъминлаш орқали мамлакатимизда уларнинг саёҳатда бўлиш муддатини камида 8 кунгача етказиш мақсад қилинган. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» режаси асосида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган дастур доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини ҳам икки ҳиссага ошириш кўзда тутилган.

Тадбир сўнггида вилоятдаги сайёҳлик агентликлари ходимларини ўз туристик хизматларига киритиш учун янги ташкил этилган Булунғур ва Жомбой туманларидаги янги туризм йўналишлари ва театрларга саёҳатга таклиф этилди. 

 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.