Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

20 йил аввал қурилган иморат ноқонуний бўладими?

Одатда қўлимизга мурожаат тушса, уни ўрганишда “арз қилган одам ҳақми ёки нариги тарафми?” деган нуқтаи назар билан қараймиз. Бир тарафнинг хатосини топамизу, аризани ёпиб қўя қоламиз. Аммо муаммо муаммолигича қолаверади. Оқибатда “енгилган” томон яна ёзгани ёзган. Ваҳоланки, шундай муаммолар борки, аниқ вазиятда иккала томонни муросага келтирган билан ҳам ечим топмайди.

Мен бугун таҳририятимизга келаётган ноқонуний қурилишлар ва бино бузилишлари масаласидаги аризаларни назарда тутяпман. Шундай бир пайтлар бўлдики, айрим кимсалар ҳовлиси ёнида бўш турган майдонларни ҳеч кимдан сўрамасдан эгаллаб олаверди, ҳокимият, прокуратура ҳам жим турди. Зиддият пайтида барчамиз “ўзбошимча” фуқарога ёпишяпмиз. 

Таҳририятимизга шикоят йўллаган Самарқанд тумани Қуйи Чордара маҳалласида яшовчи Ҳазратқул Тўйчиев ҳам 1993 йилда собиқ колхоз раҳбарлари берган ер майдонида йиллар давомида қурган иморатини бугун масъул идоралар ноқонуний қурилиш сифатида баҳолаб, суд қарори билан мажбурий тарзда буздирганлиги юзасидан мурожаат қилди. Ер участкаси ажратилган ва ўша пайтдаги собиқ колхоз раҳбарлари, ер ўлчовчилар фуқарога жами 20 сотих ер майдони ажратилганлигини билдиришган, лекин чегараларни ўлчаб беришмаган. Фуқаро эса орадан беш йил ўтиб, яъни 1998 йилда иморат қуришни бошлаган. Ўшанда биров “нима қиляпсан”, деб сўрамаган. Ваҳоланки, Ер кодексида “...Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш, ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.

Ер участкасининг планини ва тавсифини тузиш, жойнинг ўзида унинг чегараларини белгилаш ишлари ер тузиш хизмати органлари томонидан бажарилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади” дейилган. Ўзбекистон Республикасининг уй-жой кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг уй-жой муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги иштирокини белгиловчи 6-моддасида иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш белгиланган. Ер Кодексининг ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар фаолиятига бағишланган 84-моддасида ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши кўрсатилган. Бу каби масалаларнинг ечими қонунчилигимизда аниқ-равшан белгиланган. Аммо иморат қурилгунга қадар тумандаги ер тузиш хизмати органлари ҳам, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам масалага бефарқ бўлишган. 

2018 йилда туман масъуллари иморат қурилган жой боши берк кўча, бу ҳудуд эгалланиши мумкин эмаслигини билдириб, судга даъво аризаси киритган. Ўртада эса фуқаро йиллар давомида сарф қилган маблағ ҳавога совурилди, яхши ниятлар билан қурилган иморат битказилмасдан бузилди. Хўш, ҳақиқатда қурилиш ноқонуний бўлса, нега туман масъуллари, маҳалла ходимлари иморат қурилгунча жим туришган.   

Боши берк кўчани талашган икки нуронийнинг бири ер участкасига йўл очишни мақсад қилган бўлса, иккинчиси бу ер колхоз томонидан унга берилгани ва 25 йилдан буён солиқларни тўлаб келаётганлигини билдиради. Қолаверса, фарзандларининг кўп йиллардан буён хорижий давлатларда ишлаб топган маблағи ҳавога совурилганидан ташвишда. Бу борада туман ҳокимлиги, ер ресурслари ва кадастр идоралари, туман архитектура идораси вакиллари тегишли хулоса беришди ва қонунга кўра боши берк кўча очиқ қолиши лозимлигини айтишмоқда. Ундай бўлса Ҳ.Тўйчиев айтганидек, фарзандларининг неча йилдан буён хорижда ишлаб топган маблағи ҳисобига қурилган уйнинг харажати кимдан ундирилади, фарзандларининг Ватанга қайтиб яшашлари учун уй-жой масаласига қандай ечим топилади?

Бу каби ҳолатлар, ноқонуний қурилишлар ва иморатларни бузиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Аслида бундай ҳолатлар юзага келиши сабабларини фақат фуқаролардан эмас,  соҳанинг ўша даврдаги масъулларидан сўраш керакка ўхшайди. Бизда фуқаро уйни қургунча у билан ҳеч кимнинг иши йўқ, уй қурилгач эса қонуний ёки ноқонуний эканлиги суриштирилади. Тўғри, қонунчиликда фуқаро уй қуриш учун архитектура идорасидан рухсат олиши лозим, лекин буни қанча одам билади, унинг нечтаси, айниқса, қишлоқ жойларда шу қоидага амал қиляпти?

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Қурилишда бундай  тушунмовчиликлар ёки ўз манфаатини устун қўювчилар топилади. Уни бартараф этиш анча вақт, харажат, ҳаракат талаб этади. Аммо бундан кейин ҳам қонунчиликни яхши билмайдиган ёки билса ҳам ўз манфаати йўлига “адашадиган” фуқаролар топилмайдими?

Бундай ҳолатларнинг давом этишига йўл қўймаслик учун давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ҳокимият, ваколатли органлар бепарво бўлмаслиги лозим. Фуқаролар ҳам уй-жойга эга бўлиш ва қурилишнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлганда, онгли равишда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилишларни амалга оширишдан ўзларини тийиши лозим.

Тўғри, ҳозир шахсий уй-жой қурилиши билан боғлиқ қонунлар анча такомиллашди. Аммо илгариги тизим пайтидаги хатоларни тузатишда ҳамон сансоларлик, ўзини оқлашдан қутула олмаяпмиз. Соҳа масъуллари бу ҳақда жиддий бош қотиришлари зарур.    

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.