Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2019 йилда ким қанча солиқ тўлайди?

Вилоят солиқ бошқармасида 2019 йилги солиқ тизимига киритилган ўзгаришларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Республика давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари А.Файзибоев ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедов янги солиқ  концепциясидаги янгиликлар ва 2019 йилги солиқ тизимига киритилган ўзгаришлар ҳақида тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларга тушунча берди.

– 2019 йил 1 январдан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган солиқлар деярли икки баробарга камайди, – деди А.Файзибоев. – Иш ҳақидан тўланадиган солиқлар 12 фоизга туширилиб, даромад ва ягона ижтимоий тўловдан озод бўлди.

Жорий йилдан корхоналар ягона солиқ ставкаси бўйича солиқ тўлайди. Унга кўра, умумий овқатланиш корхоналари учун жойлашган жойига қараб, солиқ ставкалари табақалаштирилиб, аҳоли сони 100 минг киши ва ундан ортиқ бўлган шаҳарларда 8 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 6 фоиз, бориш қийин ва тоғли туманларда 4 фоизли ставкада белгиланди. 2018 йилда 10 фоиз эди. Умумий ўрта таълим мактаблари, мактаб-интернатлари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналарига жойлашган жойидан келиб чиқиб, солиқ ставкаси 7,5 фоиз ставкада белгиланди.  

Шунингдек, Солиқ кодексига “қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби“ киритилди.  Мазкур тартиб солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини берадиган ўтиш чораси бўлиб, 2021 йил 1 январгача бўлган даврда жорий қилинади.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини айланмаси 3 миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар қўллаши мумкин.

– Ўтган йилларда ишчиларнинг маошига солинадиган солиқ ставкасининг юқорилиги сабабли малакали ходимлар кам ойликка ишламасди, тажрибали мутахассисни ишга жалб қилишда эса қийинчилик юзага келарди, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Профиль дизайн сервис“ оилавий корхонаси ҳисобчиси Назокат Сиддиқова. – Бу йилдан амалга киритилаётган янги солиқ копцепцияси ва солиқ ставкаларидаги ўзгаришларга кўра, ишчилар маошига 12 фоизга пасайтирилгани ишчиларнинг анча маблағини тежайдиган бўлди. Корхонамизга 80 та тикув машинаси ўрнатган бўлсак, атиги 20 та ишчи жалб этгандик. Бу йилдан тадбиркорга берилаётган енгилликлар туфайли корхонамизни тўлиқ қувватда ишлатиб, ишчиларимиз сонини 80 тага етказиш ва маҳсулот турини кўпайтиришни режалаштиряпмиз.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.