Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2019 йилдан 1 мартдан юртимизда “Инвестиция визаси” жорий этилади

Президентимиз томонидан 2019 йил 17 январда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Ушбу фармонга кўра, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки “инвестиция визаси”га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.