Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқанд вилояти ЯИМда хизматлар улуши 36,1 фоизни ташкил этди

Хизматлар соҳаси ривожланиш тенденцияларининг статистик таҳлилини солиштирадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида жорий йилнинг январь-июнь ҳолатига жами 5 542,5 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Улардан алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 283 миллиард сўмни ташкил этиб,  ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 108,6 фоизни ташкил этади. Вилоятимизда энг юқори кўрсаткич молиявий хизматлар бўлиб, 702 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этмоқда, яъни ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 160,7 фоиз.

Бу ҳақда бугун Самарқанд шаҳридаги вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда айтиб ўтилди.

Ҳозирги даврда ривожланган мамлакатларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг ЯИМдаги улуши 65 фоиздан юқори бўлиб келмоқда. Жумладан, АҚШ иқтисодиётида яратилган ЯИМ таркибида хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 80 фоиз, Европа давлатларида 70 фоиз, Японияда 62 фоиз, Қозоғистонда 54,2 фоиз ва Беларусда 48 фоиз. Ўзбекистонда эса 45,1 фоизни (Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 36,1 фоиз) ташкил этади.

Хизматлар соҳасини жадал ривожлантирмасдан туриб, республикамизнинг иқтисодий тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда хизматларнинг ўрни ва улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар таркибини замонавий, юқори технологик турлари ҳисобига тубдан ўзгартириш масаласига алоҳида эътибор берилган. Шу жиҳатдан вилоятда яна ўнлаб янги хизмат кўрсатиш турлари ташкил этилмоқда ва йил якуни билан тармоқда ўзгаришлар сезилади.