Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2020 йил 1 августдан Самарқандда жамоат транспортлари учун электрон “проездной” жорий қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 28 ноябрда вилоят ҳокимининг 322-Қ-сонли қарори қабул қилинган.

Унга кўра, вилоятимизда жамоат транспортида йўловчиларни ташишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифати яхшиланади. Шунингдек, йўлкира ҳақини йиғишда шаффофликни таъминлаш ҳамда йўловчи ташиш тизимини такомиллаштиришга эришилади. 

Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади.

Мазкур дастур 2020 йил 1 августдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги жамоат транспортлари йўналишларида қўлланилса, 2021 йилнинг 1 январидан вилоятимизнинг барча ҳудудларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун амалга оширилади.