Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сурхондарёда салкам 21 килограмм марихуана сақланаётган хонадон аниқланди

Божхона органлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ғайриқонуний айланмасига чек қўйилди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида фуқаро Х.Б. бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди.

Натижада ушбу шахснинг эгнидаги кийимлари чўнтакларида 14 дона қоғоз парчаларига ўралган 18,43 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Х.Б.нинг кўрсатмасига асосан Термиз туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Ш.нинг хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Текширув жараёнида ҳовли томорқасида 1 туп наша гиёҳвандлик ўсимлиги параваришланаётганлиги ҳамда ёрдамчи хўжаликда полиэтилен қоплар ва гугурт кутиларида, умумий оғирлиги 20 килограмм 825 граммни ташкил этувчи “марихуана” гиёҳвандлик воситаси сақлаб келинаётгани маълум бўлди.

Божхона қўмитасининг хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.