Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

4 нафар ўқитувчи шпаргалка сабаб тоифасидан айрилди

Самарқанд давлат университетида олий ва 1-тоифага даъвогар бўлган ўқитувчилар учун малака синовлари (тест) бўлиб ўтмоқда.

– Онлайн тарзда ташкил этилган жараёнда 2758 нафар ўқитувчи тоифа олиш ва уни сақлаб қолиш учун курашиши режалаштирилган, – дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Рустам Йўлдошев. –Ўқитувчилар синовларни адолатли ва шаффофлик билан ўтаётганига ишонч ҳосил қилиб, бевосита ўзлари тўплаган баллни жараённинг ўзидаёқ кузатиб боряпти. Синовлар бир кунда тўрт сменада 100 тадан ўқитувчи иштирокида ўтказилмоқда. Дастлабки кун ўтказилган информатика, математика ва физика фанидан 454 нафар ўқитувчи тест топшириши керак эди. Бироқ, уларнинг 32 нафари синовларда қатнашмади ҳамда 4 нафари шпаргалкадан фойдалангани учун аттестациядан четлатилди ва тоифасидан айриладиган бўлди.   

Аввал хабар қилганимиздек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси биринчи ва олий тоифа олиш ҳамда бош тоифани сақлаб қолиш учун аттестацияда қатнашадиган педагоглар имтиҳонини назорат қилиб бормоқда.

– Она-тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, – дейди Иштихон туманидаги 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Товбаева Дилфуза. – Тест жараёнида ҳеч қандай ноҳақлик ва “ўйинлар”га дуч келмадик. Бугунги синовда 80 баллни қўлга киритдим ва биринчи тоифани олий тоифага ўзгартиришга эришдим.       

Таъкидлаш жоизки, олий ва 1-тоифага даъвогар бўлган ўқитувчилар учун малака синовлари 1 апрелгача давом этади. Кейинги тоифалар учун аттестация шу йилнинг июнь ойига қадар бўлиб ўтади.