Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

5 та автомашина тўқнашувида 2 нафар йўловчи қурбон бўлди

Жорий йилнинг 18 июнь куни соат 10:20 ларда Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ҳудудидан ўтган М-34 автомобиль йўлининг 85 километрида ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Х.Х. (эркак) “Каптива” русумли транспорт воситасини “Гулистон-Тошкент” йўналишида бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган С.М. (эркак) бошқарувида бўлган “Кобальт” русумли транспорт воситасининг ўнг томонидан қувиб ўтиши натижасида тўқнашув содир бўлди.

Оқибатда “Каптива” автомашинаси йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган М.У. (эркак) бошқарувидаги “Дамас” русумли ҳамда ҳайдовчи, 1962 йилда туғилган Б.М. (эркак) бошқарувидаги “Кобальт” русумли транспорт воситаларига, ҳайдовчи С.М. бошқарувидаги “Кобальт” автомашинаси эса ҳайдовчи, 1975 йилда туғилган У.Х. (эркак) бошқарувидаги “Ауди-100” русумли автомашинанинг орқа қисмига урилиб, ЙТҲ содир бўлган.

Ҳодиса туфайли “Дамас” русумли транспорт воситаси йўловчилари - 1979 йилда туғилган А.Ж. (эркак) ва 1982 йилда туғилган Қ.Қ. (эркак) оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган.

“Кобальт” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Б.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.